АҚШда йирик миқдорда нефть океанга оқиб кетди
Олам
−
04 Октябрь 2021
6184АҚШнинг Калифорния штатида нефть қазиб олиш жараёнида Тинч океанига 3 минг баррелдан ортиқ нефть тўкилиб кетди. Оқибатда ҳудуд флора ва фаунасига жиддий зарар етган. Бу ҳақда "ABC News" хабар бермоқда.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 октябрь куни Жанубий Калифорния соҳилида техноген фалокат – нефть тўкилиши рўй берган. Ҳодиса штат жанубидаги Оринж округи ҳудудида “Amplify Energy” компанияси қувуридан нефть оқиши туфайли содир бўлган. Воқеа гувоҳларининг айтишича, офат оқибатида кўплаб балиқ ва қушлар қурбон бўлган.
АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши берган маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда океанга тўкилган нефть қатламининг узунлиги қарийб 12 километрни ташкил этади ва нефть сизиши ҳамон бартараф этилмаган.
Ҳукумат эҳтиёт чораси сифатида ҳафта охирига режалаштирилган авиа-шоуни бекор қилишга мажбур бўлди. Маҳаллий аҳолига экологик офат зонасини тарк этиш буюрилди.
АҚШ Конгресси аъзоси Мишель Стил океанга кўп миқдорда нефть тўкилгани сабабли Президент Жо Байденни Калифорниянинг Оринж округида катта офат ҳолатини эълон қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, ҳукуматдан ёрдам жалб қилиш ва қўшимча маблағ олиш учун бундай эълон жуда ҳам зарур.
“Бугун мен сиздан 2021 йил 2 октябрда Хунтингтон пляжи соҳилида содир бўлган нефть сизиши муносабати билан Калифорния штатининг Оринж округи учун катта офат эълон қилишингизни сўрайман” дея ёзган Конгресс аъзоси ўз мурожаатида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь