АҚШда вице-президентликка номзодларнинг дебати бўлиб ўтди

Олам

image

АҚШда кеча, 1 октябрь куни CBS News телеканалида АҚШ вице-президентлигига икки номзод – демократ Тим Уолз ва республикачи Жеймс Дэвид Вэнс ўртасида теледебат бўлиб ўтди.

Мунозара Эрон сиёсати, аёлларнинг аборт ҳуқуқлари, миграция ва глобал исиш каби масалаларни қамраб олди.

Эрон яқинда ядро қуролини яратади – ким айбдор?

Баҳс эфир бошланишидан бир неча соат олдин Исроилни олти ой ичида иккинчи йирик ракета ҳужумига учратган Американинг Эронга нисбатан сиёсати юзасидан фикр алмашиш билан бошланди. Тим Уолзнинг айтишича, Эрон ядровий қурол яратишга яқинроқ, чунки Дональд Трамп “қатъиятсиз давлат раҳбари” эди. Уолз Трампнинг Эрон билан ядровий келишувдан чиққанини ва бу билан, унинг фикрича, Теҳроннинг бу соҳадаги тараққиётига ҳисса қўшганини эслатди.

Вэнснинг айтишича, Трамп ўз президентлиги даврида дунёни “барқарор ва хавфсизроқ” қилиб қўйга, чунки у “одамлар чегарани кесиб ўтишдан қўрқадиган” самарали олдини олиш тизимини яратган.

Мунозара давомида Тим Уолз Вэнс ва унинг партиядошларини муҳожирларни “дегуманизация қилиш ва камситиш”да айблади.

AFP’нинг эслатишича, Вэнс Спрингфилдда яшовчи гаитилик муҳожирлар шаҳар уй ҳайвонларини еяётгани ҳақидаги ирқчи миш-мишларни биринчилардан бўлиб тарқатган.

Вэнс, ўз навбатида, “айниқса, ноқонуний” миграциянинг кўпайишини Қўшма Штатлардаги уй-жой нархларининг кўтарилиши билан боғлади, шунингдек, ҳозирги вице-президент Камола Ҳаррисни бу муаммоларни ҳал қила олмаганликда айблади.

АҚШ вице-президентлигига номзодлар ўртасидаги баҳслар камдан-кам ҳолларда сайловлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бироқ Камола Ҳаррис ва Дональд Трамп тахминан бир хил даражада қўллаб-қувватланаётган ҳозирги вазиятда, ҳатто Уолз ёки Вэнснинг баёнотлари туфайли жамоатчилик фикридаги кичик ўзгаришлар ҳам ҳал қилувчи бўлиши мумкин.

АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг