АҚШда руҳонийлар мингга яқин болани зўрлагани маълум бўлди
Олам
−
17:34 1860 2 дақиқа
АҚШнинг Массачусетс штатидаги учта католик епархиясида 275 нафар руҳоний 944 нафар болага жинсий зўравонлик қилгани аниқланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, бу ҳолатлар штат Бош прокурори Андреа Жой Кемпбелл бошчилигида ўтказилган тергов доирасида аниқланган. Текширув Фолл-Ривер, Спрингфилд ва Вустер епархияларини қамраб олган.
Ҳисоботда қайд этилган зўравонлик ҳолатларининг аксарияти 2002 йилгача содир бўлган. Айнан шу йили “Boston Globe” газетаси католик руҳонийлари томонидан болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари яширилгани ҳақида суриштирув эълон қилган.
Кемпбеллнинг айтишича, учта епархия раҳбарияти руҳонийлар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик содир этилаётганидан йиллар давомида хабардор бўлган. Унинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда черков обрўсини ҳимоя қилиш болалар хавфсизлигидан устун қўйилган.
Тергов 2019 йилда бошланган. Ўша пайтдаги Бош прокурор, ҳозирги Массачусетс губернатори Маура Хили учта епархиядаги руҳонийлар фаолияти ва раҳбариятнинг уларни назорат қилиши бўйича жиноий тергов бошлаган.
Кемпбеллнинг маълум қилишича, тергов давомида унинг идораси ишларни маҳаллий прокурорларга уч марта юборган. Улардан бири Вустер епархиясидаги ҳолат бўйича айблов эълон қилинишига олиб келган.
Бош прокуратура айрим ҳолатлар содир этилган вақтда қонун билан жиноят ҳисобланмагани ёки даъво муддати ўтиб кетгани сабабли бошқа ишлар бўйича жиноий таъқиб бошламаган.
Кемпбелл епархияларда тегишли ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда болаликдаги жинсий зўравонлик қурбонлари учун фуқаролик даъволарига нисбатан даъво муддатини бекор қилишни назарда тутувчи янги қонунлар қабул қилишга чақирган.
Фалл Ривер епископи Эдгар да Cунҳа зўравонликдан жабрланганлардан узр сўраган. Спрингфилд епископи Виллиам Бирне эса ҳисоботни “камтарликка ундовчи” деб атаб, епархияда янги сиёсат ва тартиб-таомиллар жорий этилганини билдирган.
Ворcестер епархияси эса ҳисоботни ўрганиб, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чораларни белгилашини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 4 йилда 14 ёшга тўлмаган болаларнинг номусига тегиш бўйича 445 та иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь