АҚШда Озарбайжон элчихонаси машинасига ҳужум қилинди
Олам
−
12 Октябрь 2022
5485Озарбайжоннинг АҚШдаги элчихонасига тегишли хизмат автомобили Вашингтонна ўққа тутилди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ баёнот берди.
“10 октябрдан 11 октябрга ўтар кечаси Озарбайжоннинг Вашингтондаги элчихонасининг хизмат машинаси ҳужумга учради. Воқеа юзасидан дипломатик миссия зудлик билан АҚШнинг тегишли тузилмаларини хабардор қилди, видеолавҳалар тақдим этилди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, бугун, 12 октябрь куни содир бўлган воқеа муносабати билан АҚШнинг вақтинчалик ишлар вакили Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ҳамда унга воқеадан жиддий хавотир ва норозилик билдирилди.
Шунингдек, Озарбайжон дипломатик ваколатхонаси хавфсизлигини таъминлаш талабини жиддий қабул қилиш кераклиги таъкидланган.
Қайд этиш керакки, бу Озарбайжон дипломатик миссиясига уюштирилаётган илк ҳужум эмас. Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Озарбайжоннинг Франциядаги элчихонасига тажовузкор кайфиятдаги арман диаспораси вакиллари ҳужум қилганди.
Жорий йилнинг 4 август куни эса Озарбайжоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги элчихонаси радикал диний гуруҳ ҳужумига учради. Шахси номаълум бир неча киши элчихонага бостириб кириб, бино айвонида диний байроқларни очиб, радикал шиорларни айтган. Маҳаллий полиция аралашуви билан вандализм тўхтатилган ва жиноятчилар қўлга олинган.
LiveБарчаси