АҚШда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди
Олам
−
14 Декабрь 2020
4304Бугун, 14 декабрь куни АҚШда COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш бошланди. Шифокорлар АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) рухсат берган Pfizer ва BioNTech компанияси вакцинасидан фойдаланяпти.
АҚШда коронавирусга қарши вакцинани клиник синовдан ташқари ҳолатда биринчи бўлиб Нью-Йорк штатидан бўлган тиббиёт ходими қабул қилди.
Препаратни АҚШда тарқатиш учун масъул бўлган генерал Густав Перна аввалроқ 3 миллион доза вакцина дам олиш кунлари мамлакат бўйлаб махсус жиҳозланган марказларга етказиб берилишини айтган эди. Кеча Pfizer компаниясининг Мичиган штати Каламазу шаҳридаги ишлаб чиқариш объектидан мамлакатнинг турли ҳудудларига юк машиналарида вакцина тарқатилганди.
АҚШ Буюк Британия ва Канададан кейин Pfizer ва BioNTech компаниялари вакцинасини рўйхатдан ўтказди.
Ушбу вакцинани -70 даража ҳароратда сақлаш керак. Препарат синовларида у 95 фоиз самарали экани аниқланган.
АҚШда оммавий эмлашнинг биринчи босқичида 6,4 млн доза вакцина тарқатиш режалаштирилган. Вакцинация 21 кунлик фарқ билан икки босқичда амалга оширилади.
Маълумот учун, шу кунгача АҚШда 16 млндан ортиқ одам коронавирус билан касалланган. Инфекцияга чалинганлар сони бўйича Калифорния етакчи (1 535 962 ҳолат), ундан кейин Техас (1 395 889), Флорида (1 116 973), Иллинойс (841 688) ва Нью-Йорк (764 966) бормоқда. АҚШда коронавирус туфайли жами 306 мингдан ортиқ бемор вафот этди.
LiveБарчаси