АҚШда ишсизлик даражаси сўнгги тўрт йилдаги энг юқори чўққисига етди
Олам
−
15:08 604 2 дақиқа
АҚШ меҳнат бозорида вазият кескинлашмоқда. Жорий йилнинг ноябрь ойида ишсизлик даражаси 4,6 фоизга етиб, сўнгги тўрт йиллик рекордни янгилади. Бу ҳақда АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси (BLS) эълон қилган ҳисоботга таяниб, CNN хабар берди.
Ҳисоботга кўра, ноябрь ойида АҚШ иқтисодиётида бор-йўғи 64 мингга яқин янги иш ўрни яратилган. Бу кўрсаткич кутилганидан юқори бўлсада, октябрь ойидаги 105 минг иш ўрни йўқотилиши оқибатида иқтисод ҳамон сустлашмоқда. Федерал ҳукуматдаги иш ташлашлар ва тўхталишлар туфайли октябрь ойи учун аниқ ишсизлик даражаси эълон қилинмаган эди, бироқ ноябрдаги рақамлар вазият ёмонлашганини тасдиқлаган.
Мутахассисларнинг фикрича, мамлакат иқтисодиёти “ишсизлик рецессияси” даврига қадам қўйган. Navy Federal Credit Union бош иқтисодчиси Хизер Лонгнинг таъкидлашича, сўнгги уч ойда иш ўринлари сезиларли қисқарган. Ҳозирда фақат соғлиқни сақлаш ва қурилиш соҳаларида ўсиш кузатилмоқда, қолган тармоқлар эса ортга кетмоқда.
Шунингдек, ишсизликнинг ортиши аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва этник озчиликларга кўпроқ зарба берган. Хусусан, қора танли ишчилар орасида ишсизлик 8,3 фоизга кўтарилган. Иқтисодчилар бунга Трамп маъмурияти томонидан жорий этилган тариф сиёсати ва федерал штатларни қисқартириш бўйича амалга оширган тариф сиёсати эканлигини таъкидламоқда.
Дональд Трамп маъмурияти ҳузуридаги Давлат самарадорлиги департаменти (DOGE) федерал агентликлар харажатларини ва ишчи ўринларини кескин қисқартириб, сентябрь ойи охирида федерал секторда 162 минг иш ўрнини йўқ қилгани ҳам бунга сабаб сифатида қаралмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ишсизлик энг паст даражага етган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин 28 октябрь куни иқтисодий масалалар бўйича йиғилишда маълум қилганди.
Нигора Муҳаммадиева
Live
Барчаси