АҚШда иммиграция ходими аёлни отиб ўлдирди (видео)
Олам
−
08 Январь 5518 2 дақиқа
Кеча, 7 январь куни АҚШ Иммиграция хизмати (ICE) ходими Миннеаполис шаҳрида аёлни отиб ўлдирди. Аёл автомобиль билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини уриб юборишга урингани айтилмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Нашрга кўра, ҳодиса ICE томонидан ўтказилган рейд вақтида содир бўлган. Интернетда тарқалган видеоёзувлар таҳлилига кўра, ҳуқуқ-тартибот ходими аёлдан автомобиль эшигини очишни талаб қилган. Шундан сўнг машина секин олдинга ҳаракатлана бошлаган, автомобиль олдида турган бошқа бир ICE ходими эса тўппончасини чиқариб, машина томонга икки марта ўқ узган.
“Associated Press”нинг ёзишича, видеоёзувлардан автомобиль ходимни уриб кетганини аниқ кўриш имконсиз. Отишмадан сўнг автомобиль йўл четида турган бошқа иккита автомобилга бориб урилган ва тўхтаган.
37 ёшли жароҳатланган аёл шифохонага етказилган, бироқ вафот этган. У оила аъзоларидан бирининг кўз ўнгида отиб ташланган. Ҳодиса 2020 йилда полиция ходими томонидан Жорж Флойд ўлдирилган жойдан тахминан 1,5 километр узоқликда юз берган.
АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг айтишича, ҳалок бўлган аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимни автомобиль билан уриб юборишга уринган, ходим эса ўзини ва атрофдагиларни ҳимоя қилиш мақсадида қурол ишлатган.
Миннеаполис мери Жейкоб Фрей воқеадан сўнг ICE’ни шаҳардан “йўқолиб кетишга” чақирган. У офицер ўзини ҳимоя қилгани ҳақидаги баёнотни “тўлиқ бемаънилик” деб атаган.
Ҳодиса юзасидан АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам муносабат билдирди. У аёлни “профессионал агитатор” деб атаб, унинг “жуда тартибсиз ҳаракат қилгани ва қаршилик кўрсатгани”, сўнг эса “ICE ходимини атайлаб уриб юборгани”ни айтди. Трампнинг билдиришича, ходим унга қарата ўқни ўзини ҳимоя қилиш мақсадида узган.
Қайд этиш жоиз, Трамп Оқ уйга қайтгач, мигрантларга нисбатан кескин сиёсат юрита бошлади. Хусусан, у АҚШда ноқонуний бўлиб турган шахсларни фаолроқ депортация қилишга чақирди. 2025 йил ноябрь ойининг охирида эса у АҚШга бошпана излаб келган барча чет элликларни мамлакатдан чиқариб юборишга ваъда берди. АҚШ аҳолиси эса ICE рейдларига қарши бир неча бор норозилик намойишлари ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шунга ўхшаш ҳолат Россияда содир бўлган эди – Хабаровск шаҳрида Самарқанддан бўлган меҳнат муҳожири Махсус мақсадли мобил блок (ОМОН) томонидан амалга оширилган қийноқ оқибатида вафот этган эди. Бироқ Россия расмийлари мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот бермади.