АҚШда Финляндия ва Швецияни НАТОга олиш иши деярли ҳал бўлди
Олам
−
04 Август 2022
4102АҚШ Президенти Жо Байден Конгресс Сенати томонидан НАТОнинг кенгайиши бўйича резолюция қабул қилинишини олқишлади ва Финляндия ҳамда Швециянинг иттифоққа қўшилиши ҳақидаги ҳужжатларни имзолашини маълум қилди.
Бугун, 4 август куни АҚШ Сенати Стокгольм ва Хельсинкининг альянсга қўшилиши ҳақидаги ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Америка қонунчилигининг ўзига хос хусусиятларига кўра, ратификация қилиш тартиби бевосита мамлакат Президенти томонидан амалга оширилади, Сенат бунга ўз розилигини беради.
Байден Конгресснинг юқори палатасидаги овоз бериш натижаларини олқишлаб, Сенатнинг НАТО кенгайиши бўйича ушбу протоколларни кўриб чиқиши 1981 йилдан бери энг тез ўтказилганига эътибор қаратди.
“Финляндия ва Швециянинг иттифоққа кириши НАТОнинг жамоавий хавфсизлигини янада мустаҳкамлайди ва трансатлантик шерикликни чуқурлаштиради”, дейилади Америка раҳбарининг Оқ уй матбуот хизмати томонидан тарқатилган ёзма баёнотида.
Швеция ва Финляндия масаласи
18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди.
Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.
30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди.
LiveБарчаси