АҚШда душман дронларини чалғитувчи “учувчи ниқоб” ишлаб чиқилди

Олам

−

photo_2026-10-31_18-05-33

АҚШнинг Vigil Autonomy компанияси ҳарбий техника ва пиёдаларни разведкачи дронлар ҳамда сунъий йўлдошлар кузатувидан яширишга мўлжалланган Air Cover қурилмасини тақдим этди. Бу ҳақда “Defense Express” хабар берди.

Қайд этилишича, Air Cover ташқи кўринишидан ҳавода учиб юрадиган қопламага ўхшайди. Унинг асосий вазифаси нишонни нафақат оддий камералар, балки инфрақизил ва радар қурилмалари орқали аниқлашни ҳам қийинлаштиришдан иборат. Бундай ускуналар разведкачи дронлар ва сунъий йўлдошларга ўрнатилиши мумкин.

Қурилманинг тўрт бурчагига ўрнатилган дронлар қопламани ҳавода ушлаб туради ва яширилиши керак бўлган объект устида ҳаракатланади. Компания маълумотларига кўра, Air Cover икки соатгача ишлаши мумкин. Уни бир нечта таянч ёрдамида стационар ҳолатда ҳам ўрнатиш мумкин

Тахминларга кўра, қурилмага ўрнатилган дронлар сунъий интеллект ёрдамида яширилаётган техника ёки пиёдаларни мустақил равишда кузатиб, улар ҳаракатланганда ҳам устида қолиши мумкин. Бироқ ишлаб чиқувчи қурилманинг бошқа техник хусусиятларини ҳозирча ошкор қилмаган. Ишланма дастлабки босқичда экани айтилмоқда.

Шу билан бирга, мутахассислар Air Cover’нинг амалий самарадорлигига шубҳа билан қарамоқда. Қоплама объектни фақат юқоридан яшириши сабабли у, асосан, нишоннинг тепасидан кузатув олиб бораётган дронлар ёки сунъий йўлдошларга қарши фойда бериши мумкин.

Бундан ташқари, қурилманинг икки соатлик ишлаш муддати узоқ давом этадиган ҳарбий операциялар учун етарли бўлмаслиги мумкин. Батареялар қуввати тугагач, уни ҳарбий техникада олиб юриш ёки пиёдалар кўтариб юришига тўғри келади.

Инфрақизил кузатувга қарши Air Cover маълум даражада фойда бериши мумкин. Бироқ у нишонни аниқлашни бутунлай имконсиз қилмайди. Камера объектга ён томондан қараганида, қоплама остидаги техника ёки одамни кўриши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг