АҚШ Европага газ етказиб бериш учун шарт қўйди

World

image

АҚШ Европа Иттифоқини метан чиқиндилари бўйича қоидаларни юмшатишга чақирди. Акс ҳолда, Вашингтон Европа мамлакатларига суюлтирилган табиий газ етказиб беришни тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Энергетика вазири  Кристофер Райт баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, метан бўйича амалдаги қоидалар жиддий ислоҳ қилинмаса, Европа учун кераксиз муаммолар юзага келади.

“Бу эскалация ҳақида эмас. Бизнинг энергиямиз барибир етказиб берилади. Фақат у Европага эмас, бошқа жойларга йўналтирилади”, деган Райт Нью-Йоркда бўлиб ўтган конференция доирасида.

“Bloomberg”нинг ёзишича, Европа Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича комиссари Дан Йоргенсен АҚШ ва бошқа газ экспорт қилувчи давлатлар босимига қарамасдан, метан бўйича қоидаларни қайта кўриб чиқиш нияти йўқлигини билдирган.

Вашингтон эса мураккаб тартиб-қоидалар ва катта жарималар хавфи газ савдосига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Европа Иттифоқи энергетика вазирлари ушбу масалани Люксембургда муҳокама қилиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи 2022 йилда Россия газидан воз кечганидан сўнг АҚШ газига тобора кўпроқ боғланиб қолган. Шу билан бирга, метан чиқиндиларини қисқартириш Иттифоқнинг асосий иқлим мақсадларидан бири бўлиб қолмоқда.

Европа Комиссияси маълумотига кўра, янги қоидалар нефть, газ ва кўмир компанияларини метан чиқиндиларини ўлчаш, назорат қилиш ва текширишга мажбур қилади. Шунингдек, газни режали ёқиб юбориш ва атмосферага чиқариш тақиқланади, мунтазам равишда сизиб чиқиш ҳолатлари текширилиб, уларни бартараф этиш талаб қилинади.

Халқаро бозорлар учун метан шаффофлиги платформаси, сунъий йўлдош мониторинги ҳамда тезкор огоҳлантириш тизими яратилади.

2027 йилдан бошлаб Европа Иттифоқида янги импорт шартномалари фақат экспорт қилувчилар ҳам ЕИ ишлаб чиқарувчилари каби ҳисобот стандартларига риоя қилган тақдирдагина тузилиши мумкин. 2030 йилдан эса метан интенсивлиги бўйича чекловлар жорий этилади. Қоидаларни бузганларга жарималар қўлланади, аммо импорт тўлиқ тақиқланмайди.

Маълумот учун, “Politico” нашри жорий йил январь ойида Европа ўз газининг қарийб чорак қисмини АҚШдан импорт қилаётганини ёзган эди. Россия газига тўлиқ тақиқ жорий этилгач, бу кўрсаткич янада ошиши мумкин.

Февраль ойида Европа Иттифоқида Россия гази импортини тўлиқ тақиқлаш ҳақидаги қарор кучга кирган. Унга кўра, Россиядан газ импорти 2027 йил 1 январдан, қувур орқали етказиб бериладиган газ импорти эса 2027 йил 30 сентябрдан бутунлай тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, 18 июнь куни Европа Иттифоқи етакчилари Брюсселда бўлиб ўтган саммитда Россияга қарши секторли санкцияларни аввалги каби 6 ой эмас, балки бир йил муддатга узайтиришга келишиб олганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends