АҚШ ёрдамисиз Украина давлат хизматчиларига маош тўлай олмайди– WSJ 

Олам

image

Агар АҚШ Конгресси Киев учун яна маблағ ажратишни маъқулламаса, Украина ҳукумати давлат хизматчиларига маош тўлай олмайди. Бу ҳақда Украина ва Америка расмийларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.

Уларнинг маълумотларига кўра, Украина Молия вазирлиги Қўшма Штатлардаги бюджетни тасдиқлаш атрофидаги кескин вазият Киев учун тўловларнинг кечикишига олиб келиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Украина Молия вазирлиги октябрь ойи учун зарур маблағга эга, бироқ кейинчалик давлат хизматчилари учун тўловларни камайтириш ёки кредит олишга ҳаракат қилиши зарурати туғилиши мумкин.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар ёрдамининг тўхташи Украинада норозиликни кучайтириши ва унинг Президенти Владимир Зеленский мамлакат ичидаги мухолифатнинг қаттиқ танқидига дучор бўлишига олиб келиши мумкин.

Америкалик амалдорнинг тушунтиришича, агар Украина аввалги маблағлардан ўринли фойдалангани тўғрисида далиллар келтирса, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Жаҳон банки дастури бўйича октябрь ойида 1,15 миллиард доллар миқдорида маблағ ўтказиш масаласини кўриб чиқади. 

“Украинадаги 150 минг давлат хизматчилари ва таълим муассасаларининг 500 мингдан ортиқ ходимларига бериладиган маош, шунингдек, соғлиқни сақлашдан тортиб, уй-жой субсидияларигача бўлган баъзи давлат харажатлари аслида АҚШ ва Европа мамлакатларидан кўрсатиладиган молиявий ёрдамга боғлиқ”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат ёпилишига йўл қўймаслик мақсадида Украинага ёрдам кўрсатишни назарда тутмайдиган 45 кунлик (17 ноябргача) бюджет лойиҳасини қабул қилган эди. Оқ уй ва Конгрессдаги демократлар Киевга кўмакни тўхтатишни хоҳламаса-да, республикачилар бунга тўсқинлик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина shutdown

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг