АҚШ Японияни, Россия эса Хитойни қўллаб-қувватламоқда
Олам
−
10 Декабрь 2715 2 дақиқа
6 декабрь куни Хитой ва Япония ўртасида юз берган авиаҳаракат ортидан икки йирик давлат – АҚШ ва Россия ўз позицияларини кескин ва ошкора намойиш қила бошлади. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Маълумотларга кўра, 6 декабрь куни Хитойнинг қирувчи самолётлари япон ҳарбий самолётларини радар билан нишонга олди. Бу Шарқий Осиёда сўнгги йиллардаги энг кескин ҳарбий тўқнашувлардан бири сифатида қайд этилди. Токио буни “хавфли ва беқарорлаштирувчи қадам” деб баҳолади. Хитой эса, аксинча, япон самолётларини Хитой авиаташувчисининг машғулотларига халал берганликда айблади.
Зиддият фонида Россиянинг икки Ту-95 стратегик бомбардимончи самолёти Хитойнинг H-6 самолётлари билан бирга Япон денгизидан Шарқий Хитой денгизи томон парвоз қилиб, Тинч океани узра “узоқ масофали қўшма парвоз”ни амалга оширди.
Япония Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Хитойнинг тўртта J-16 қирувчи самолёти ҳам ушбу бомбардимончиларни кузатиб борди. Бундан ташқари, Япон денгизида Россиянинг А-50 огоҳлантирувчи самолёти ва икки Су-30 қирувчиси аниқланган.
Япония мудофаа вазири Шинжиро Коидзуми Х (собиқ Twitter)да Россия ва Хитойнинг бундай операцияларини Японияга нисбатан куч намойиши, миллий хавфсизлик учун эса жиддий таҳдид эканини таъкидлади.
Жанубий Корея ҳарбийлари ҳам шу куни Россиянинг етти ва Хитойнинг икки самолёти уларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа зонасига кирганини тасдиқлади.
Хитой ва Россиянинг қўшма амалиётидан сўнг, Токио ўз қирувчиларини ҳавога кўтарди ва ҳаво мудофааси бўйича фавқулодда чоралар кўрди.
АҚШ Японияни қўллаб-қувватлади
АҚШ Давлат департаменти Хитойнинг япон самолётларини радар билан нишонга олган ҳаракатларини кескин қоралади. АҚШ Япония билан ҳарбий-иттифоқчилик алоқалари “ҳар қачонгидан мустаҳкам” эканини билдирди. Токио эса бу қўллаб-қувватловни мамнуният билан қабул қилди.
Тайвань президенти Лай Чинг-те Пекиннинг ҳарбий машғулотларини “жуда ноўрин хатти-ҳаракат” деб баҳолаб, Хитойни минтақада тинчликка масъулият билан ёндашишга чақирди.
“Биз Хитойни йирик давлат сифатида масъулиятли бўлишга чақирамиз. Тинчлик бебаҳодир; урушда ҳеч ким ғолиб бўлмайди. Тинчликни барча томонлар таъминлаши керак ва Хитой бу масъулиятни баҳам кўриши лозим”, деди у.
АҚШнинг Япониядаги элчиси Жорж Гласс ҳам дипломатик можаро бошланганидан буён ижтимоий тармоқларда бир неча бор Японияни очиқ қўллаб-қувватловчи баёнотлар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Хитой фуқаролари учун визани бекор қилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси