АҚШ ва ЕИ Грузиядаги сайловлардаги фирибгарликларни тергов қилишга чақирмоқда
Олам
−
28 Октябрь
1633АҚШ Грузиядаги парламент сайловларида аниқланган қонунбузарликлар ва сайлов жараёнига даъво қилинган аралашишларни тергов қилишга чақирди. Бу ҳақда Давлат котиби Энтони Блинкен 27 октябрь куни Вашингтонда сўз очди.
“Биз халқаро меъёрларнинг барча бузилишини қоралаймиз ҳамда халқаро ва маҳаллий кузатувчиларнинг ҳар томонлама текшириш зарурлиги ҳақидаги чақириқларига қўшиламиз”, деди Блинкен.
У халқаро ва грузиялик кузатувчиларнинг овозларни сотиб олиш ва қўрқитишга оид ҳисоботларини келтирди.
Европа Иттифоқи ҳам Грузиядаги сайловлар вақтидаги қонунбузарликлар юзасидан “тезкор, шаффоф ва мустақил тергов” ўтказиш зарурлигини билдирган эди.
"Қонунбузарликларга ойдинлик киритиш ва тузатиш керак. Бу қадам сайлов жараёнига ишончни тиклаш учун зарур", дейди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жосеп Боррель.
Баёнотда таъкидланишича, сўнгги ойларда Грузия халқи “демократик қадриятларга ва ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига йўлига содиқлигини кўрсатган”.
Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель ноябрь ойи бошида Будапештда бўлиб ўтадиган норасмий ЕИ саммити кун тартибига Грузия масаласини киритиш ниятида.
Маълумот учун, Грузия Марказий сайлов комиссияси ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясини сайловларда ғолиб деб эълон қилди. Расмий овоз бериш натижаларига кўра, у 54,08 фоиз, Ғарбпараст мухолифат иттифоқи эса 37,58 фоиз овоз олган.
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили парламент сайловлари натижаларини тан олмаслигини айтиб, Россия иштирок этган кўплаб қонунбузарликларга ишора қилди. У 28 октябрь куни Тбилисида халқни оммавий намойишларга чиқишга чақирди. Грузиядаги мухолифат партиялари 26 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларини тан олишдан бош тортди. Бундан ташқари, 5 фоизлик чегарадан ўтган мухолиф сиёсий кучлар янги парламентда ишлашдан бош тортди ва ички музокаралардан сўнг норозилик намойишларини эълон қилди.
Халқаро кузатувчилар Грузиядаги сайловлардаги қонунбузарликлардан хавотир билдирди.
“Экспертлар сайловчиларни қўрқитиш, ҳукумат амалдорларига босим ўтказиш, кузатувчиларга нисбатан зўравонлик, овозларни сотиб олиш, бир неча марта овоз бериш ва бюллетенларни тўлдириш каби ҳолатларни қайд этган”, дея хабар беради ЕХҲТ.
LiveБарчаси