АҚШ ва НАТОнинг Россияга йўллаган махфий жавоби ошкор қилинди
Олам
−
02 Февраль 2022 21524 3 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари Россия билан Украинада ҳужумкор ракета тизимлари ва кучларини жойлаштиришни чеклаш бўйича ўзаро мажбуриятларни муҳокама қилишга, шунингдек, ўрта ва қисқа масофали ракеталарни назорат қилиш масалалари бўйича мулоқотни бошлашга тайёр. Бу ҳақда АҚШ ва Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО)нинг Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифига йўллаган ёзма жавобида айтилган.
Испаниянинг “El País” газетаси Россиянинг декабрь ойидаги хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифига АҚШ ва НАТО йўллаган жавобларнинг тўлиқ матнини чоп қилди. Жавоблар инглиз тилидаги иккита ҳужжат: альянснинг тўрт саҳифалик ва Вашингтоннинг беш саҳифалик жавобидан иборат.
АҚШ жавобида айтилишича, Қўшма Штатлар қуйидагиларга тайёр:
• Россия билан Европада ўтказиладиган машғулотлар учун ишончни мустаҳкамлаш чораларини муҳокама қилишга;
• Қрим, Приднестровия Молдавия Республикаси, Жанубий Осетия ва Абхазиядан қўшинлар ҳамда тинчликпарвар кучларни олиб чиқиб кетиш эвазига қурол-яроғ назорати бўйича мулоқотни бошлашга;
• Россия-НАТО Кенгаши доирасидаги ишларни давом эттиришга;
• Хавфсизлик масалалари ва уларнинг Россия томонидан талқин қилинишини муҳокама қилишни давом эттиришга;
• Россия инспекцияларига Россия объектларини текшириш эвазига Руминиядаги ракетага қарши мудофаа объектларига кириш ҳуқуқини беришга;
• Қуролларни назорат қилиш бўйича келажакдаги келишувларга ядро тизимларининг янги турларини киритиш;
• Россия билан денгизда ва ҳавода ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни кўриб чиқишга.
НАТО ўз жавобида альянс нафақат “совуқ уруш” охирида Москвага ёрдам қўлини чўзганини, балки Россия-НАТО актини имзолаганини ва икки томонлама кенгаш тузганини ҳам эслатди.
Эслатиб ўтамиз, Пентагон спикери Жон Кирби Қўшма Штатлар Европага 8,5 минг аскар юборишга тайёрлигини, бироқ бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, булар жанговар, разведка, авиация, тиббиёт ва транспорт бўлинмаларидир. Шунингдек, Президент Жо Байден 28 январь куни АҚШ расмийлари яқин келажакда Шарқий Европага кичик қўшимча қўшин юборишни бошлаш ниятида эканини ҳам таъкидлаган.
Польша Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Павел Солох Шарқий Европага жўнатилиши режалаштирилган 8,5 минг ҳарбий хизматчидан 2,5 мингга яқинини Польшага ўтказилиши мумкинлигини айтди.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, Песков бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.
Live
Барчаси