АҚШ ва Хитой раҳбарлари нималарга келишиб олди?

Олам

image

Кеча, 15 ноябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой Раиси Си Цзиньпин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида Сан-Францискодан 40 км жанубда жойлашган Америка тарихи ва меъморчилиги ёдгорлиги бўлган Филолида музокара ўтказди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Бу йил ҳисобига биринчи марта ўтказилаётган етакчиларнинг юзма-юз учрашуви тахминан тўрт соат давом этган. Унда Жо Байден ва Си Цзиньпин икки давлат ҳарбийлари ўртасида юқори даражадаги мулоқотни тиклашга келишиб олган.

“Етакчилар тенглик ва ҳурмат асосида икки давлат қуролли кучлари ўртасида юқори даражадаги алоқаларни тиклаш, Хитой Халқ Республикаси ва АҚШ Мудофаа вазирларининг ишчи учрашувлари, денгиз хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ва жанговар қўмондонлик зоналари командирлари ўртасидаги телефон суҳбатлари механизмини йўлга қўйишга келишиб олди”, дейилади “Синьхуа” агентлигининг хабарида.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг 2022 йил август ойида Тайванга ташрифидан сўнг Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган ва мудофаа идоралари ўртасидаги мулоқот амалда тўхтатилган. 

“Reuters” юқори мартабали америкалик амалдорларга таяниб хабар беришича, етакчилар Хитойнинг ҳарбий соҳадаги ядровий масалалар бўйича ҳаракатларида очиқлик зарурлигини муҳокама қилинган. Байден ва Си Цзиньпин миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар ўртасидаги Тайвань, Украина ва Яқин Шарқ бўйича музокаралар бўлиши кераклигини айтган.

Учрашувда Си Цзиньпин Қўшма Штатларни халқаро майдонда  Хитойга босим ўтказишни тўхтатишга чақирган. 

"Мамлакатимиз Қўшма Штатларни қувиб ўтишни ёки уни сиқиб чиқаришни режалаштирмаяпти. АҚШ Хитойга босим ўтказишни тўхтатиши керак. Хитой ўз мантиғи ва қоидаларига кўра ривожланмоқда", деган Си Цзиньпин.

Шунингдек, у икки томонлама муносабатларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун Қўшма Штатларга беш тамойилни эслатган. 

"ХХР ва Америка Қўшма Штатлари икки давлат ўртасидаги муносабатлар таянадиган бешта устунни фаол равишда қуришлари керак. Булар бир-бирини тўғри қабул қилиш, келишмовчиликларни бартараф этиш, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш, муносиб сиёсат олиб бориш ва маданий-гуманитар алоқаларни мусаҳкамлашдир", деган Хитой раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, Пекин албатта ўз манфаатларини ҳимоя қилади. Си Цзиньпиннинг аниқлик киритишича, Хитой томони ҳамкорликнинг ҳам анъанавий, ҳам янги йўналишлари – АҚШ билан савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ва сунъий интеллект соҳасида ўзаро ҳамкорлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш дастурларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор. 

Истиқболли йўналишлар қаторида Си Цзиньпин гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва илмий-техник лойиҳаларни қайд этган. Шунингдек, у минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишда позицияларни мувофиқлаштиришни кучайтириш муҳимлигини таъкидлаган. Цзиньпинга кўра, Хитой Қўшма Штатларга парвозларни кўпайтириш ва туризм соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр.

Шундан сўнг, етакчилар Тайвань масаласи ҳақида гаплашиб олган.

“Ўйлайманки, Раис Си Цзиньпин хавотирларга ойдинлик киритди – бу АҚШ-Хитой муносабатларидаги асосий, потенциал энг хавфли масала эканлигини таъкидлади. Улар тинч йўл билан бирлашишни афзал кўришларини очиқ-ойдин билдирдилар, аммо кейин дарҳол куч ишлатиш шартларига ўтди", дейди музокаралардан хабардор АҚШ маъмурияти вакили.

Шунингдек, Цзиньпин АҚШда Хитой 2027 ёки 2035 йилларда ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлаётганидан хабардорлигига ишора қилган. 

"У бу ҳақда қандайдир жаҳл билан гапираётганга ўхшарди. Кейин у аслида бундай режалар йўқлигини, бу ҳақда у билан ҳеч ким гаплашмаганини гапириб ўтди", дейди Америка маъмурияти вакили.

Расмийнинг таъкидлашича, лидерлар Тайвань масаласи бўйича "тўлиқ мулоқот" ўтказган. Байден Қўшма Штатлар тинчлик ва барқарорликни сақлаш тарафдори эканини маълум қилган. Бундан ташқари, Америка етакчиси статус-квони қўллаб-қувватлаган ва Хитойдан Тайвандаги сайлов жараёнини ҳурмат қилишни сўраган.

Шунингдек, Президент Байден Хитой раҳбарига АҚШнинг Украина атрофидаги вазиятдан хавотирини очиқ айтган.

“Президент Байден қисқароқ сессияларда Украина атрофидаги вазият бўйича хавотирларимизни аниқ айтди, шунингдек, Яқин Шарқдаги кейинги қадамларни муҳокама қилди ва Хитойдан Эрон билан музокараларда иштирок этишини сўради”, дейди Оқ уй вакили. 

Бундан ташқари, Байден КХДРнинг тўлиқ ядросизланиши муҳимлигини таъкидлаган.

“Президент Америка Қўшма Штатларининг навигация ва ҳавода парвоз қилиш эркинлиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш, Жанубий Хитой ва Шарқий Хитой денгизларида тинчлик ва барқарорликни сақлаш, Корея яриморолини тўлиқ ядросизлантириш масаласини кўтарди”, дейилади Оқ уй томонидан эълон қилинган ёзма баёнотда.

Маълумот учун, Сан-Франциско яқинидаги музокаралар Байден Президент лавозимини эгаллаганидан бери икки етакчи ўртасидаги еттинчи мулоқот бўлди, бироқ бу уларнинг иккинчи юзма-юз учрашуви холос. Шу билан бирга, Цзиньпиннинг 6 йил ичида АҚШга биринчи ташрифи. Икки давлат етакчиларининг аввалги тўғридан тўғри учрашуви ўтган йилнинг ноябрь ойида Балидаги G20 саммитида бўлиб ўтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой Си Цзиньпин Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг