АҚШ ва Исроил Эронга товон пули тўлаши керак – Ароқчи
Олам
−
23 Март 4430 2 дақиқа
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ ва Исроил Эроннинг ядровий объектларига берган зарбалари учун тўлиқ компенсация тўлаши кераклигини билдирди. Бу ҳақда у БМТ Бош котиби ва Хавфсизлик кенгаши аъзоларига йўллаган мактубида айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, Теҳрон Вашингтон ва Тель-Авивдан мамлакатдаги тинч атом объектларига қилинган ҳарбий ҳужумлар оқибатида етказилган зарарни қоплашни талаб қилмоқда. Ароқчи бу борада БМТни ҳам кескин муносабат билдиришга чақирган.
Дипломат бундай ҳаракатлар жуда оғир оқибатларга олиб келиши, инсонлар ҳаёти ва атроф-муҳит учун катта хавф туғдиришини айтиб ўтган ҳамда барча ҳужумларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган.
Эрон томони зарар етказган давлатларнинг тўлиқ молиявий жавобгарлигини талаб қилмоқда. Ароқчи, шунингдек, тинч ядровий объектларга қилинган ҳужумлар БМТ низоми, Халқаро атом энергияси агентлиги қоидалари ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон АҚШ ва Исроилни Натанздаги уранни бойитиш мажмуасига ҳужум қилишда айблаганди. Эроннинг атом энергияси бўйича ташкилоти ушбу ҳодисани “халқаро қонунлар ва мажбуриятлар, жумладан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг бузилиши” деб атаган.
Эрон расмийлари 21 март куни кечқурун давлат телевидениеси эфирида Димон шаҳрига берилган ракета зарбаси айнан ушбу ҳужумга жавоб эканини билдирган. Ўз навбатида, Исроил Натанздаги ядровий объектга қилинган ҳужумга ўз ҳарбийларининг алоқадор эмаслигини маълум қилган.
Live
Барчаси