АҚШ ва Ғарб ёлғон тарқатиб, Эрон халқини бўла олмайди – Раисий
Олам
−
28 Декабрь 2022
4436Эрон Президенти Иброҳим Раисий АҚШ ҳамда Ғарб давлатларини миш-мишлар ва ёлғон маълумотлар тарқатиш орқали Эронда ҳукуматга қарши намойишларни кучайтираётганликда айблади. У бу ҳақда Теҳронда 1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши фахрийлари билан учрашувда айтган.
“Ислом инқилоби душманлари ёлғон тарқатиш орқали ўз мақсадларига эриша олмайди ва Эрон халқини бўлиб ташлолмайди. Ёшлар бизнинг фарзандларимиз, алданганларнинг ҳаммаси ватан бағрига олинади, аммо сотқинларга шафқат бўлмайди”, дейди Раисий.
Президентнинг сўзларига кўра, сентябрь ойи ўрталарида Эронда бошланган тартибсизликларни уюштиришда мунофиқлар, монархистлар ва аксилинқилобчилар, яъни исломий республикага қарши чиққанларнинг барчаси иштирок этган.
Эрон прокуратураси 26 декабрь куни Теҳронда полиция ва хавфсизлик кучлари томонидан илгари ҳибсга олинган намойишчиларнинг 83 фоизи расмийлар томонидан қўйиб юборилганини маълум қилди. “Тасним” агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, сўнгги уч ой ичида тартибсизликлар ишига масъул судьялар қамоқхоналарга 2239 марта ташриф буюрган ва маҳкумлар билан шахсий суҳбатлар ўтказган.
Октябрь ва ноябрь ойларида Эрон ҳукумати Курдистон вилоятининг маъмурий маркази Сенандеж ҳамда Систон ва Балужистон вилоятининг асосий шаҳри Зоҳидонда бўлиб ўтган намойишлар иштирокчилари учун бир неча бор афв эълон қилган эди. Намойишчиларнинг гуруҳлари араб қабилалари яшайдиган жануби-ғарбий Хузистон вилоятида ва этник озарбайжонлар яшайдиган Ардабилда озод қилинди.
АҚШ 26 декабрь куни Эронни барча намойишчиларни шартсиз озод қилишга чақирди. Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Гап Эронда ўз эркинликларини тинч йўл билан ҳимоя қилгани учун қамоққа олинган барча одамлар ҳақида кетаётганини айтди.
Маҳса Амини вафоти ва намойишлар
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.
Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчи калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди. Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олган. Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Сентябрь ўрталаридан бери Эронда жами 18,5 минг киши ҳибсга олинган. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.
LiveБарчаси