АҚШ Эронни барча намойишчиларни озод қилишга чақирди

Олам

image

Қўшма Штатлар Эронни мамлакатдаги барча намойишчиларни сўзсиз озод қилишга чақирмоқда. Бу ҳақда кеча, 26 декабрь куни Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс маълум қилди. 

“Биз Эронда ўз эркинликларини тинч йўл билан амалга ошириш учун қамоққа олинган барча одамларни шартсиз озод қилишга чақирамиз”, деб ёзди у Twitter’даги саҳифасида. 

Прайс АҚШ ташаббуси билан Эронни БМТнинг Аёллар мақоми бўйича комиссиясидан чиқарилишини эслади. Унинг сўзларига кўра, бу жасур эрон аёлларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинган. 

“Уларнинг ҳуқуқлари учун кураш давом этмоқда”, дея қўшимча қилди АҚШ ТИВ вакили. 

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши Эронни 2026 йилгача БМТнинг Аёллар мақоми бўйича комиссиясидан чиқариб ташлаш учун овоз берган эди. АҚШ Эронда сўнгги ойларда давом этаётган норозилик намойишлари чоғида аёллар ҳуқуқлари бузилганини баҳона қилиб, мамлакатдан чиқариб юбориш ташаббуси билан чиқди. Резолюцияни 29 давлат ёқлаб, 8 таси қарши, 16 давлат бетараф овоз берди. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Носир Канани Чафий бу қарор халқаро ташкилот низомига зид эканини айтди. 

Эрондаги кўча намойишлари қарийб уч ойдирки, тинмаяпти. Бу вақт ичида мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида қатор ҳужумлар содир бўлди, уларнинг қурбонлари ҳам хавфсизлик кучлари, ҳам тинч аҳоли вакиллари бўлди. 

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.

Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг