АҚШ уюштирган қирғин ёхуд 170 минг кишининг ёстиғини куритган ядро қуроли

Таҳлил

image

“Инсон атом бомбасини яратди. Ҳозиргача ҳеч бир сичқон қопқон ясаш ҳақида ўйлаб кўрмаган”.

Вернер Мич

XX аср энг қонга ботган давр сифатида инсоният тарихида ўчмас из қолдирди. Бу асрда инсоният иккита жаҳон урушини бошидан ўтказди. Бундан ташқари, илм-фаннинг тараққий этиши билан инсоният даҳшатли ядро қуролини ихтиро қилди. Бу қуролдан сиёсатчилар ўз манфаатлари йўлида фойдалана бошладилар. Ядро бомбасининг яратилиши дунёдаги геополитик муҳитни ўзгартириб юборди.

Бундан роппа-роса 76 йил олдин, 1945 йил 6 август куни АҚШ Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбасини ташлади. Бугунги мақоламизда ядро қуролининг ихтиро қилиниши ва Японияга ташланган ядро бомбалари ҳақида сўз юритамиз.

Ядровий қурол нима?

Ядровий қурол бу – қувват манбаси атом ядроларининг синтез қилинишидан ёки бўлинишидан ҳосил бўладиган қўпорувчи оммавий қирғин қурол ҳисобланади. Ядро қуролининг 50% энергияси зарба тўлқинини шакллантириш ва ерда ўрама ҳосил қилишга сарфланади. Қолган 30% энергия ёруғлик чиқаришга, 20%и эса электр магнит импульс ва радиоактив нур ҳосил қилади. 

Ядро қуроллар уч турга бўлинади, булар – атом бомбаси, водород бомбаси, нейтрон бомба.

Ядро қуролининг ихтиро қилиниши

Инглиз физиги Эрнест Резерфорд 1898 йилда биринчи бор атомнинг радиоактив хусусияти мавжудлигини кашф этади. Кейинчалик, 1905 йилда Альберт Эйнштейн ўзининг “Нисбийлик назарияси” билан ядро қуролини яратиш учун илк пойдеворни қўяди. 

1933 йилда Адольф Гитлер Германия ҳукуматини ўз қўлига олгач, ядро қуролини ихтиро этиш учун махсус лойиҳалар ишга туширади. Аммо, Германиядаги физик олимларнинг кўпчилиги яҳудий эди. Ирқий репрессия туфайли кўплаб олимлар мамлакатни тарк этишди. Бу эса ядро лойиҳасининг ривожини анча секинлаштирди. 

1939 йилда Альберт Эйнштейн АҚШнинг ўша даврдаги Президенти Франклин Рузвельтга радиоактивлашган атом заррачалари ёрдамида жуда кучли энергия ҳосил қилувчи катта қурол яратиш мумкинлигини ва тезроқ олди олинмаса, Германия бунинг устида жиддий иш олиб бораётганини мактуб орқали маълум қилади.

1942 йилда Рузвельт “Манхэттен” лойиҳасини бошлаш ҳақида қарор чиқаради. Мамлакатдаги барча физик олимлар шу лойиҳага жалб этилади. Бу дастурнинг умумий баҳоси 2 млрд доллардан ошади. Биринчи атом бомба – “Trinity” 1945 йилнинг июль ойида ихтиро қилинган. АҚШ бу қуролни ўзининг янги Мексика чўлида синовдан ўтказиб кўради. Бу қуролнинг портлаш кучи тахминан 21 килотонна тротилни ташкил этган. Синов натижалари муваффақиятли якунлангач, АҚШ ҳукумати Японияга ядровий ҳужум қилишга қарор қабул қилади. 

Ҳужум режаси

АҚШ Президенти Гарри Трумэн ядро бомбасини Хиросима, Кокура ёки Нагасакига ташлашни режалаштиради. Баъзи экспертлар АҚШ тарихий обидаларга зарар етказмаслик учун айнан шу шаҳарларни танлаб олган, деб таъкидлашади.

Хиросима Япониянинг еттинчи энг йирик шаҳри эди. Шаҳар Ота дарёсининг икки соҳили бўйида жойлашган бўлиб, ҳужум вақтида аҳоли сони 245 минг кишини ташкил этган. Бундан ташқари, Хиросима Япония армияси учун муҳим таъминот базаси ҳисобланган. Шаҳарда бинолар асосан бир ёки икки қаватдан иборат бўлган.

Нагасаки Япониянинг йирик порт шаҳри ҳисобланган. Шаҳарда қурол, кема ва бошқа ҳарбий техникалар ишлаб чиқарилган. Ҳужумдан олдин шаҳар аҳолиси 200 мингга яқин бўлган.

АҚШ ҳукумати асосан бомбардимон этилмаган шаҳарларни танлаб олган эди. Бунинг сабаби, ядро қуролининг таъсир кучини билиш бўлган. Режага кўра, ҳужум 3 август куни амалга оширилиши керак эди. Аммо, ноқулай об-ҳаво туфайли ҳужум уч кун ортга сурилади.

Хиросима фожиаси

1945 йил 6 август куни эрталаб соат 01:45 да АҚШнинг Б-29 “Pol Tibbet” номли бомбардировкачи самолёти полковник Пол Тиббетc қўмондонлигида Хиросима томон учиб кетади. Разведкачи самолёт Нагасаки ва Какурода шаҳар осмони булутлар билан қопланганлигини айтади. Учинчи разведка самолётининг учувчиси майор Исерли Хиросима шаҳрида осмон мусаффо эканлигини кўриб, "биринчи нишонни бомбалаш" сигналини юборади. 

Тонги соат еттиларда Хиросима шаҳридаги радар тизими жанубдан яқинлашиб келаётган душман самолётларини аниқлайди. Радио орқали ҳаво ҳужуми эълон қилинади. Тахминан, соат 08:00 ларда Хиросимадаги радар оператори яқинлашаётган душман самолётларининг сони учта эканлигини айтиб, ҳаво ҳужумини бекор қилади.  

Маҳаллий вақт билан соат 08:00 да Б-29 Хиросима шаҳри марказига “Little Boy” (Кичик бола) деб номланган атом бомбасини ташланади. Бомба 500 метр баландликда портлади. Зарба тўлқининг кучи 19 километрга чўзилади. Бунинг оқибатида, ўша куннинг ўзида 166 минг киши ҳалок бўлади. Радиация тарқалиши туфайли 3-4 ҳафтадан сўнг, қурбонлар сони ортиб кетади. 

Нагасаки

Иккинчи ядровий нишон Кокура шаҳри эди, захирадаги нишон Нагасаки бўлган. Аслида, атом бомбасини ташлаш 11 август кунига режалаштирилган эди. Аммо, об-ҳавонинг ёмон бўлиши сабаб қўпорувчилик режаси 9 августга кўчирилган. 

Шу куни эрта тонгда Кокура шаҳри осмонида булут бўлганлиги учун “Fat Man” (Бақалоқ) атом бомбаси Нагасакига ташланади. Бу бомбанинг кучи 21 килотонна тротил эквивалентига тенг эди. Ўша куннинг ўзида 80 минг киши ҳаётдан кўзим юмди. Тарқалган радиация туфайли беш йил ичида 200 минг нафар инсон ҳалок бўлди.  

АҚШ ташлаган икки атом бомбаси Япония учун мислсиз қурбонлар ва вайронагарчиликлар келтирди. Япония Бош вазири Кантаро Сузуки ва Япония Ташқи ишлар вазири Того Сигенори зудлик билан иттифоқчиларга Япония сўзсиз таслим бўлишга рози экани ҳақида хабар юборди.

1945 йил 15 август куни Япония таслим бўлгани эълон қилинди. Шу тариқа Иккинчи жаҳон уруши тугади. Япония таслим бўлгани ҳақидаги пакт 1945 йил 2 сентябрда имзоланди. Иккинчи жаҳон урушида Япония мағлубиятга учради.

Сардор Али Нурматов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Нагасаки Хиросима фожиаси Ядровий қурол нима?

Баҳолаганлар

376

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар