Трамп Эронга берилган зарбаларни Хиросима ва Нагасаки воқеасига ўхшатди
Олам
−
25 Июнь 3805 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларини Иккинчи жаҳон уруши даврида Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбаларига қиёслади. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари бугун, 25 июнь куни Гаагада ўтказилаётган НАТО саммитида сўз очди.
Трампнинг айтишича, ўшанда ташланган бомбалар урушни якунлашга олиб келган ва бу галги бомбалардан ҳам шу мақсадда фойдаланилган.
“Мен Хиросимани ёки Нагасакини мисол келтирмоқчи эмасман, аммо аслида бу бир хил нарса – бу урушни тугатди”, деган Трамп.
Трамп ўз чиқишида АҚШ томонидан берилган зарбалар Эроннинг ядровий иншоотларини “тўлиқ йўқ қилганини” айтган. Бироқ АҚШ Мудофаа вазирлиги тақдим этган разведка маълумотларини у “якуний эмас” деб атаган. Разведка хулосаларида айтилишича, бу ҳужумлар фақатгина Эроннинг ядровий дастурини бир неча ойга орқага сурган холос.
“Ўйлайманки, Исроил бизга яқин орада бу зарар ҳақида маълумот беради”, деган АҚШ раҳбари.
Маълумот учун, АҚШ 1945 йил 6-9 август кунлари Хиросима ва Нагасакига атом бомбаси ташлаган эди. Бу зарбаларда 450 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Омад билан омон қолганлар ҳамон радиацияга боғлиқ касалликлардан азият чекмоқда. Расмий Вашингтон бу ҳаракатни Япония томонининг шартсиз таслим бўлишини таъминлаш учун зарур чора деб кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июнь куни Трамп АҚШ халқига мурожаат қилиб, мамлакат Эроннинг учта ядровий объектига – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса халққа қилган мурожаатида Трампга бу ҳужумлар учун миннатдорлик билдирган.
23 июнь куни эса Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий объекти – Қатар ҳудудидаги Ал-Удейд авиабазасига ҳужум қилган. Трамп Эроннинг бу жавобини “жуда заиф” деб баҳолади. Орадан бир кун ўтиб эса, у Эрон ва Исроил ўзаро зарба алмашишни тўхтатишга келишганини эълон қилди. АҚШ Президенти бу келишувни “тенг шартли” деб атади ва уни “барча томонлар учун катта ғалаба” деб баҳолади.
Live
Барчаси