АҚШ Украинанинг иқтисодиёти учун қайғурмоқда
Олам
−
20 Июль 2023
3464Америка Қўшма Штатлари Украинанинг кичик ва ўрта бизнесига ёрдам бериш ҳамда мамлакат иқтисодиётини юксалтириш учун 230 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) раҳбари Саманта Пауэр маълум қилди.
Киев марказидаги Михайловская майдонида сўзлаган нутқида Пауэр ушбу пакет техник ёрдам кўрсатиш ҳамда Украинадаги корхоналарни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олишини айтган.
“USAID Конгресс билан ҳамкорликда Украинада тадбиркорлик учун янги ресурсларга 230 миллион доллар сармоя киритади. Ушбу янги мажбурият Қўшма Штатларнинг шу ҳафта украин халқи олдидаги бурчидир”, дейди USAID раҳбари.
Бир кун олдин Пауэр Одессага ташриф буюриб, у ерда Украина қишлоқ хўжалиги соҳасига ёрдам бериш учун 250 миллион доллар ажратилишини эълон қилган. Душанба куни эса қўшимча 500 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши маълум қилинган эди.
Маълумот учун, AGRI-Ukraine лойиҳаси дон келишуви билан деярли бир вақтда, яъни 2022 йилнинг июль ойида ишга туширилган. Қўшма Штатлар мазкур лойиҳа доирасида Украинанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортини кўпайтиришга ҳисса қўшмоқчи. AGRI-Ukraine'нинг биринчи йилида USAID 100 миллион доллар ажратган бўлса, донорлар, хусусий сектор ва фондлар томонидан мазкур лойиҳа учун қўшимча 250 миллион доллар йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ бундан ташқари Украинага энг кўп хавфсизлик ёрдамини берувчи давлатдир. Масалан, яқинда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 2024 молия йили учун 886,3 миллиард долларлик мудофаа харажатлари, жумладан, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Унда Киев учун ATACMS оператив-тактик ракета тизимлари учун 80 миллион доллар ажратиш назарда тутилди.
Ҳозирда АҚШнинг Украинага хавфсизлик бўйича кўрсатган ёрдамининг умумий миқдори 40 миллиард доллардан ошган.
LiveБарчаси