АҚШ Украинага яна 400 млн долларлик ҳарбий ёрдам беради
Олам
−
21 Октябрь
2676АҚШ ҳукумати Украинага яна 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади. Бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни Киевга ташрифи чоғида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.
Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашув чоғида Остин ушбу пакетга, хусусан, қўшимча ўқ-дорилар, зирҳли техника ва бошқа қуроллар киритилишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар икки томонлама хавфсизлик бўйича келишувга мувофиқ Украинага ёрдам кўрсатишда давом этади.
Зеленский Остинга ҳарбий ёрдам пакети ва Россиянинг кенг кўламли босқини бошланишидан буён АҚШнинг умумий кўмаги учун миннатдорлик билдирган.
СNN нашрида ёзилишича, Остиннинг ташрифи Дональд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонган тақдирда АҚШ томонидан Украина қўллаб-қувватланиши ноаниқ бўлган даврда содир бўлган. Бироқ, Пентагон қўллаб-қувватлаш давом этишини режалаштирмоқда. Остиннинг ўзи ташриф олдидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари келгуси йилда ким президент бўлишидан қатъи назар, Украинани қўллаб-қувватлаш учун саъй-ҳаракатларини кучайтиришда давом этишини айтган.
Ллойд Остин Киевга АҚШ президентлик сайловларига икки ҳафта қолганда, эълон қилинмаган бирдамлик ташрифи билан борди. Бу унинг Пентагон раҳбари сифатида Украинага тўртинчи ташрифи бўлиб, Остиннинг сўзларига кўра, АҚШ халқаро ҳамжамият билан биргаликда Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини кўрсатиши керак.
Украина Президенти яқинда Ғарб иттифоқчиларидан Россия ҳудудига чуқур зарбалар бериш учун улар томонидан етказиб берилган қуроллардан фойдаланишга қўйилган тақиқни олиб ташлашни талаб қилмоқда. Владимир Зеленский, шунингдек, Украинани НАТОга аъзо бўлишга зудлик билан таклиф қилишни талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Wall Street Journal” Пентагон раҳбари Ллойд Остин Киевга эълон қилинмаган ташриф билан борганини ёзганди. Унда Остин Киевга “Украинани қўллаб-қувватлашга қатъий содиқлик ҳақидаги баёнот билан” боргани, бироқ Украинага ҳеч қандай янги ҳарбий ёрдам ёки Россиядаги нишонларга зарба бериш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат олмагани қайд этилганди.