АҚШ Украинадан Россияга қарши “қўчқор” сифатида фойдаланмоқда – Путин
Олам
−
26 Октябрь 2022
11299Украина ҳақиқатдан АҚШ томонидан назорат қилинади ва Россияга қарши “қўчқор” (таран – тарихда катта шаҳарларни қамал қилишда дарвоза, девор ва минораларни вайрон қилишда фойдаланилган восита – таҳр.)сифатида фойдаланилади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бугун, 26 октябрь куни МДҲ давлатлари Хавфсизлик ва разведка идоралари раҳбарлари кенгашининг 51-йиғилиши делегациялари раҳбарлари билан учрашувда сўз очди.
У Ҳамдўстлик мамлакатлари чегараларида қуролли тўқнашувлар авж олаётганига эътибор қаратди.
“Улар нимага эришмоқда – буни қилаётганлар – биз буни Америка ташқи сиёсатининг қуролига айланган Украина мисолида кўрамиз. Мамлакат ҳақиқатда ўз суверенитетини йўқотди ва уни Россияга, Беларусь Республикаси билан иттифоқдош давлатимизга, шунингдек, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига ва умуман МДҲга қарши “қўчқор” сифатида ишлатадиган Қўшма Штатлар томонидан бевосита назорат қилинади”, дейди Россия раҳбари.
Унинг қайд этишича, АҚШнинг ўз сателлит (бошқа давлатнинг сиёсий ва иқтисодий таъсири остида бўлган давлат – таҳр.)ларига нисбатан ҳақиқий муносабати яққол кўзга ташланади. Путин деярли дарҳол Украина ҳудуди ҳарбий биологик тажрибалар учун полигонга айлантирилгани ва ҳозирда қуроллар, жумладан, оғир қуроллар билан тўлдирилаётганини, Вашингтон эса Киев режимининг ядро қуролига эга бўлиш истаги ҳақидаги баёнотларига эътибор бермаслигини таъкидлади.
“Ахир, бу ҳақда Киев расмийлари очиқчасига айтишди - йўқ, ҳамма жим”, дея таъкидлади Россия Федерацияси Президенти.
Путиннинг эслатишича, Киев режимининг провокациялар учун "ифлос бомба"дан фойдаланиш режалари ҳақида маълумотлар мавжуд.