АҚШ Тожикистонга ҳарбий ускуналар юборди
Олам
−
09 Февраль 2023
7321АҚШ Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига мамлакатнинг Афғонистон билан чегарасида ҳуқуқ-тартибот инфратузилмасини мустаҳкамлаш учун ҳарбий техника юборди. Бу ҳақда бугун, 9 февраль куни Тожикистон Кимёвий, биологик, радиациявий ва ядровий хавфсизлик агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Техник ёрдам Тожикистон Республикасининг Афғонистон билан чегарасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган “Яшил чегара хавфсизлиги” лойиҳаси доирасида тақдим этилди”, дейилади Агентлик баёнотида.
Қайд этилишича, АҚШ Энергетика вазирлиги номидан комбинезонлар, ўқ ўтказмайдиган жилетлар, тоғли ҳудудларда операциялар ўтказиш учун жиҳозлар, миналардан тозалаш учун махсус ҳимоя кийимлари, тунги кўриш мосламалари, дурбин, монокуляр, ҳарбий машиналар, шунингдек, ядровий ва радиоактив материалларнинг ноқонуний айланишини аниқлаш учун махсус ускуналар жойлашган транспорт воситалари юборилган.
Шунингдек, агентлик ҳарбий ускуналар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги резолюцияси бўйича Тожикистон миллий ҳаракат режасини амалга ошириш учун зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 февраль куни Москвада афғон муаммосига бағишланган хавфсизлик вакилларининг бешинчи кўп томонлама учрашуви бўлиб ўтган эди. Йиғилишда Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Эрон ва Хитой вакиллари иштирок этган ҳамда Афғонистон атрофидаги вазият бўйича бир қатор қўшимча амалий чора-тадбирлар таклиф қилинганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси