Москвада Афғонистон бўйича янги таклифлар муҳокама қилинди
Олам
−
08 Февраль 2023
5869Бугун, 8 февраль куни Москвада афғон муаммосига бағишланган хавфсизлик вакилларининг бешинчи кўп томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Йиғилиш иштирокчилари Афғонистон атрофидаги вазият бўйича бир қатор қўшимча амалий чора-тадбирларни таклиф қилди. Бу ҳақда Москвада бўлиб ўтган тадбир якунлари бўйича Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши аппарати маълум қилди.
Учрашувда Россия томонидан Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев иштирок этган. Тадбирда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди.
“Йиғилишда терроризмга қарши кураш йўналишида биргаликдаги ҳаракатларни шакллантиришга қаратилган қатор қўшимча амалий чора-тадбирлар, шунингдек, терроризмни молиялаштириш каналларини жиловлаш, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний қурол ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш таклиф этилди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, йиғилишда ҳозирги Қобул ҳукумати томонидан терроризм ва экстремизм, наркотик моддалар савдосига қарши курашиш, шунингдек, этник-сиёсий мувозанатли ҳукуматни шакллантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариши муҳимлиги қайд этилган.
“Томонлар ҳар йили афғон масалалари бўйича хавфсизлик кенгашлари котибларининг кўп томонлама маслаҳатлашувларини ўтказиш амалиётини давом эттиришга келишиб олдилар”, деб таъкидлади Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 8 февраль куни “Толибон” вакиллари Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлидан фойдаланишни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга келди.
LiveБарчаси