АҚШ TikTok’ни судга берди
Олам
−
03 Август
4292АҚШ TikTok ва ByteDance компаниясини судга берди. Бу ҳақда мамлакат адлия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Адлия вазирлиги ва Федерал Савдо Комиссияси TikTok ва ByteDance’ни болалар шахсий дахлсизлиги тўғрисидаги қонунларни бузишда айблаган. Шунингдек, TikTok видеоҳостинг хизмати фаолияти қайта кўриб чиқилиши кераклиги, халқаро ҳамжамият тартиб-қоидаларига амал қилиш зарурлиги таъкидланган.
TikTok билан боғлиқ ишни ҳозирда Калифорния марказий округи суди кўриб чиқаётгани айтилган. Суд даъвогарлар мурожаатини тўла ўрганиб чиқиб, сўнгра жараёнларни бошлаши билдирилган.
“Даъво аризасига кўра, 2019 йилдан ҳозирги кунгача TikTok болаларга оддий аккаунтларни яратиш ҳамда платформада катталар ва бошқалар иштирокида қисқа форматдаги видео ва хабарлар жойлаш, кўриш ва тарқатишга атайлаб рухсат берган”, дейилади Калифорния суди хабарида.
АҚШ Адлия вазирлиги TikTok платформасининг 13 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган версиясини кескин танқид остига олган. Ушбу тизимда болалар рўйхатдан ўтиш учун ҳам электрон почта манзили ва шахсий маълумотларини киритишларига тўғри келади.
Даъвогарлар TikTok раҳбариятидан платформага ота-она назорати тизимини қўшиш ҳамда катталар назоратисиз очилган вояга етмаганлар аккаунтларини ўчиришни талаб қилган. Шунингдек, шахсий маълумот йиғиш тизимини соддалаштириш таклиф қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ TikTok ва унинг бош компанияси ByteDance АҚШ ҳукуматини судга бериб, Президент Жо Байден томонидан имзоланган тақиққа қарши чиқишга уринганди.
LiveБарчаси