АҚШ Тайванга F-16 қирувчи самолётлари учун 300 млн долларлик жиҳозлар сотмоқчи
Олам
−
06 Июнь
3087АҚШ Давлат департаменти Тайванга F-16 қирувчи самолётлари учун 300 миллион долларлик эҳтиёт қисмларни сотиш имкониятини тасдиқлади. Бу ҳақда кеча, 5 июнь куни АҚШ Мудофаа вазирлигининг ҳукуматлараро шартномалар бўйича хорижга ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб бериш учун масъул бўлган Хавфсизлик бўйича ҳамкорлик агентлиги маълум қилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Тайпей иқтисодий ва маданий ваколатхонаси (оролнинг амалдаги элчихонаси) Ф-16 учун эҳтиёт қисмлар, бутловчи қисмлар, сарф материаллари, шунингдек, самолётларга техник хизмат кўрсатишни сўраган. Тайванга стандарт эҳтиёт қисмларни 220 миллион долларга ва ностандарт қисмларни 80 миллион долларга сотишга рухсат берилган.
Таъкидланишича, эҳтимолий келишув АҚШ қонунларини бузмайди ва АҚШнинг жанговар тайёргарлигига зарар етказмайди. Америка маъмурияти аллақачон Конгрессни бу қарор ҳақида хабардор қилган. Қонун чиқарувчи органда потенциал битимни кўриб чиқиш ва уни блоклаш учун 30 кун бор.
Тайвань ҳаво кучлари 140 га яқин F-16 қирувчи самолётларини бошқаради.
Вашингтон "ягона Хитой" сиёсатини тан олган ҳолда, айни пайтда Тайпей маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда. АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Американинг оролга бир неча йил давомида етказиб берган ҳарбий юкларининг умумий миқдори 70 миллиард доллардан ошган.
LiveБарчаси