АҚШ Суриядаги эронпараст жангариларга зарба берди
Олам
−
09 Ноябрь 2023
4254Кеча, 8 ноябрь куни Американинг иккита F-15 қирувчи самолёти Сурия шарқида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва унга алоқадор гуруҳлар томонидан фойдаланилган объектга зарба берди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.
Мамлакат Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, зарбалар АҚШ Президенти Жо Байденнинг буйруғи билан сўнгги пайтларда Ироқ ва Суриядаги АҚШ базаларига уюштирилган қатор ҳужумларга жавобан амалга оширилган.
"Агар Эрон ишончли вакилларининг АҚШ ҳарбий хизматчиларига ҳужумлари давом этса, биз халқимизни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган бошқа чораларни кўришдан тортинмаймиз", дея огоҳлантирган Остин.
Шунингдек, у Эронни ҳар қандай кескинлашувдан тийилишга чақирган.
Пентагон маълумотларига кўра, Эрон томонидан қўллаб-қувватланган жангарилар октябрь ойи ўрталаридан бери АҚШнинг Ироқ ва Суриядаги ҳарбий базаларига камида 40 та дронлар ва ракета ҳужумларини амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ироқ ва Суриядаги АҚШ аскарлари жойлаштирилган учта ҳарбий базага ҳужумлар уюштирилганди. Пентагон раҳбари бу ҳужумлар оқибатида 21 аскар енгил жароҳат олганини маълум қилган.