АҚШ сенатори Ўзбекистон билан алоқаларни чеклайдиган қонунни ўзгартиришга чақирди
Олам
−
31 Июль 2023
13266АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси, Коннектикут штатидан сайланган сенатор Крис Мёрфи Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонга бўлган муносабатини ўзгартириши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у “The Diplomat” нашрида чоп этилган мақоласида сўз очди.
Унинг айтишича, Марказий Осиёга қўшни бўлган Россия ва Хитой Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон каби давлатларга катта таъсир ўтказаётган бир пайтда АҚШ узоқ вақтдан бери четда турган.
“Лекин биз бу таъсир чегараларини кўришимиз мумкин. Чунки, Хитойнинг ривожланаётган давлатларга киритаётган сармоялари кўпинча уларнинг суверенитети учун хавфлигидан хабардор Марказий Осиё ҳукуматлари Хитойга қарамликдан эҳтиёт бўлади. Бошқа тарафдан эса Россиянинг халқаро мавқеи кескин пасайган. АҚШ бу имкониятлар фонида эксплуатацияга эмас, балки ҳамкорликка асосланган стратегик муқобилни таклиф қилиши керак”, дейди сенатор.
Мёрфига кўра, АҚШнинг йўлига анахронистик қонун тўсқинлик қилмоқда. 1974 йилда Қўшма Штатлар совет яҳудийлари ва бошқа озчилик гуруҳлари учун эмиграция ҳуқуқларини чеклаган мамлакатлар билан АҚШнинг тўлиқ савдо алоқаларини рад этувчи “Жексон-Вэник” тузатишини қабул қилган.
“Бу Совет Иттифоқини таъқибга учраган гуруҳларга, жумладан, Марказий Осиёдаги гуруҳларга нисбатан муносабатни яхшилашга мажбурлаш учун фойдали восита эди. 50 йил ўтиб, Совет Иттифоқи аллақачон йўқ бўлиб кетган, аммо Совуқ уруш давридаги бу қолдиқ бизнинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан муносабатларимизни чеклашда давом этмоқда”, дейди Крис Мёрфи.
Айтилишича, СССР парчаланганидан бери АҚШ Президентлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан муносабатларда “Жексон-Вэник”даги эмиграция қоидаларига риоя қилишини бир неча бор тасдиқлаган. Сўнгги бир неча ўн йилликларда Конгресс кўплаб собиқ Совет давлатларини, шу жумладан Россияни ҳам нормал савдо мақомига ўтказиш учун қонунлар қабул қилган. Аммо Марказий Осиёнинг баъзи давлатлари билан 1970 йиллардаги йўналишда қотиб қолинган.
Сенатор Крис Мёрфи учала давлат ҳам Исроил билан ижобий дипломатик муносабатларга эга экани, ҳеч бир давлат антисемитизм билан шуғулланмаслиги ва яҳудий фуқаролар учун эмиграция эркинлиги мавжудлигига эътибор қаратган. Айтилишича, юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда “Жексон-Вэник”нинг дастлабки қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қилган Евроосиё яҳудийларини қўллаб-қувватловчи миллий коалиция Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга доимий нормал савдо алоқалари (PNTR) мақоми берилиши кераклигига рози бўлган.
Шунингдек, АҚШ сенатори минтақанинг стратегик жойлашувидан ташқари, углеводородлар ва ноёб ер минераллари каби муҳим ресурсларга бой эканини урғулаган.
“Қўшма Штатлар муҳим минераллар учун пойгага кечикди. Аммо Байден маъмурияти таъминот занжирларини кенгайтириш учун жиддий ҳаракатлар қилди. Йиллик ялпи ички маҳсулоти 280 миллиард долларга тенг бўлган ушбу мамлакатларга PNTR’ни бериш АҚШ бизнесларига унинг бозорларига самарали кириб бориш имконини беради. Савдо ва инвестицияларни рағбатлантиради ва ўсиш учун имкониятлар яратади. Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётини диверсификация қилиши, иш ўринлари яратиши ва аҳолисининг турмуш даражасини ошириши мумкин. Шу билан бирга, Россия ва Хитойга иқтисодий қарамликни камайтиради”, дейди сенатор.
Қайд этилишича, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон Қўшма Штатлар билан яқин муносабатларга эга бўлгунга қадар инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларини илгари суриш бўйича кўпроқ иш қилиши кераклигига шубҳа йўқ. Бироқ PNTR мақомини бериш Қўшма Штатларга бу масалаларни ҳал қилиш учун кўпроқ имконият яратади.
Украинага босқин сабабли Россиянинг таъсири пасайиши ва давлатлар Хитойдан эҳтиёт бўлаётгани сабабли, Қўшма Штатлар Марказий Осиё билан муносабатларимизни қайта белгилаш имкониятига (ва мажбуриятига) эга. Конгресс Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга PNTR мақомини бериш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қабул қилиш орқали минтақадаги стратегик ва иқтисодий манфаатларимизни илгари суриш учун шу дақиқадан унумли фойдаланиши, бу мамлакатларни “Жексон-Вэник” қонуни билан қўйилган эскирган чекловлардан халос қилиши керак”, дейилади мақолада.
LiveБарчаси