АҚШ Сенати Украинасиз Исроилга ёрдам беришни блоклади
Олам
−
08 Ноябрь 2023
7816Хабарингиз бор, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси республикачиларнинг Исроилга 14,3 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш режасини маъқуллаганди. Аммо мамлакат Сенати Украинага бир вақтнинг ўзида ёрдам кўрсатмасдан ажратилаётган маблағ ҳақидаги қонун лойиҳасини блоклади.
Агар Сенат қонун лойиҳасини маъқуллаганида, у АҚШ Президенти Жо Байденга имзолаш учун тақдим этилган бўларди. Бироқ Оқ уй Байден икки палатада овоз беришдан ўтиб, якунланган тақдирда ҳам ҳужжатга вето қўйиши ва имзолашдан бош тортиши ҳақида олдиндан огоҳлантирган.
Вакиллар палатаси республикачилар томонидан 30 октябрда илк бор тақдим этилган қонун лойиҳаси Вакиллар палатаси янги спикери Майк Жонсон давридаги биринчи йирик қонунчилик ташаббуси ҳисобланади.
Унинг моҳияти фақат Исроилга ёрдам кўрсатиш, жумладан, Исроилнинг “Темир гумбаз” ва бошқа ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олиш учун 4 миллиард доллар, шунингдек, “Темир нур” тизимини ривожлантириш учун 1,2 миллиард доллар ажратишдир.
Қонун лойиҳаси киритилгач, у АҚШ сенаторлари томонидан танқид қилинди.
31 октябрь куни Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнел қонун лойиҳасига тўртта ҳудуд – Украина, Исроил, Тайвань ва АҚШнинг Мексика билан чегарасига тегишли чораларни киритиш зарурлигини таъкидлаган. Ўз навбатида, Сенатдаги Демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер Вакиллар палатасида тақдим этилган қонун лойиҳасини бемаъни таклиф деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, Америка маъмурияти 1 октябрда бошланган янги молия йилида хавфсизлик учун мамлакат бюджетидан деярли 105 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратмоқчи. Ушбу сумманинг ярмидан кўпи Украина ва унга тегишли Америка дастурлари учун сарфланиши режалаштирилган.