АҚШ Россиянинг учта компаниясини “қора рўйхат”га киритди
Олам
−
25 Ноябрь 2020
6527Россиянинг “Авиазапчасть”, “Элекон” акциядорлик компанияси ва Nilco Group компанияси Америка маъмуриятининг санкцияларига учради. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Расмий Вашингтонга кўра, улар АҚШнинг Эрон, Шимолий Корея, Сурияга оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги миллий қонунчилигини бузмоқда. Тегишли хабарнома кеча, 24 ноябрь куни АҚШ Давлат департаменти томонидан маълум қилинган.
Ушбу ҳужжатга кўра, чеклов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор жорий йил 6 ноябрдан кучга кирган. Қора рўйхатда шунингдек, яна иккита Хитой компанияси ҳам борлиги айтилган.
“6 ноябрь куни АҚШ Ҳукумати хорижий (юридик) шахсларга қарши Эрон, Шимолий Корея ва Сурияга қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган чораларини кўрди”, дейилган хабарномада.
Қайд этилишича, чекловлар икки йил давомида амал қилади, аммо улар АҚШ Давлат котиби қарори билан камайтирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
АҚШ маъмурияти “қора рўйхат”га тушган уч ташкилот Эрон, КХДР ва Сурияга оммавий қирғин қуролларини етказиб берганига алоқадор фактларни кўрсатиб ўтмаган.
Маълумот ўрнида, 2018 йилнинг сентябрь ойида АҚШ Савдо вазирлиги Nilco Group'га қарши санкциялар жорий этган. Бунга компаниянинг Вашингтон нуқтаи назаридан АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатларига зид ҳаракат қилгани сабаб бўлган.
LiveБарчаси