АҚШ Россиянинг сохта сайлови натижаларини тан олмайди – Давлат департаменти
Олам
−
15 Март
6033Қўшма Штатлар Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида Россия уюштирган сохта сайловлар натижаларини ҳеч қачон тан олмайди. Бу ҳақда кеча, 14 март куни бўлиб ўтган брифингда АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Мэтью Миллер маълум қилди.
Давлат департаменти вакили сохта сайловларни Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига путур етказишга қаратилган саъй-ҳаракатлар деб атади ва Қўшма Штатлар унинг қонунийлиги ва натижаларини ҳеч қачон тан олмаслигини урғулади.
“Аниқ айтиш керакки, Луганск, Донецк, Запорожье, Херсон ва Қрим – Украинадир. Потёмкин услубидаги деразаларни безаш натижалари Москва томонидан белгиланади ва уларга овоз беришга мажбур бўлган Украина фуқароларининг ирода эркинлигини акс эттира олмайди”, деб тушунтирди Миллер.
Унинг қўшимча қилишича, “бу ижро” яна бир бор Россиянинг халқаро ҳуқуқни менсимаслигини кўрсатади. Америка Қўшма Штатлари, Миллернинг ишонтиришича, Украина суверенитетига путур етказишда айбдорларни, хусусан, сохта сайловларда кузатувчиларни жавобгарликка тортиш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланишда давом этади.
Маълумот учун, Россияда президентлик сайловлари 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Улар биринчи марта уч кун давомида ўтказилмоқда ва масофавий электрон овоз бериш тизимидан фойдаланилмоқда, бу эса мамлакат ҳудудларининг қарийб учдан бирида мавжуд. Давлат раҳбари лавозимига тўрт нафар номзод: Владимир Путин, Владислав Даванков, Леонид Слуцкий ва Николай Харитонов даъвогарлик қилмоқда.
LiveБарчаси