АҚШ россиялик тўрт нафар ҳарбий хизматчига қарши жиноий иш очди

Олам

image

АҚШ Адлия вазирлиги Украинага бостириб киришда иштирок этган тўрт россиялик аскарни ҳарбий жиноятларда айблади. Улар америкаликни ўғирлаш ва қийноққа солишда айбланмоқда. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги хабар қилди.

Тергов маълумотларига кўра, Россия армияси офицерлари Сурен Мкртчян ва Дмитрий Будник, шунингдек, уларнинг қўл остидагилари Валерий ва Назар исмли шахслар 2022 йил апрель ойида Херсон вилоятидаги уйидан АҚШ фуқаросини ўғирлаб кетишган. Вазирлик бу шахснинг Украина армияси билан алоқаси бор-йўқлигини аниқламаган.

Баёнотда айтилишича, Россия ҳарбийлари америкаликни ноқонуний равишда камида ўн кун ҳибсга олган. Бу вақт ичида улар маҳбусни бир неча бор калтаклаб, сўроққа тутган ва ўлдириш билан таҳдид қилган.

Бундан ташқари, улар бир марта унинг қатл этилишини уюштирган. Ҳарбийлардан бири америкаликнинг бошига қурол қўйиб, кейин ён томонга ўқ узган.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, россиялик ҳарбийларга учта ҳарбий жиноят – ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқлар ва ғайриинсоний муомала, шунингдек, ҳарбий жиноятларни содир этишга тил бириктириш бўйича айблов қўйилган. Бу жиноятлар учун энг оғири умрбод қамоқ жазоси ҳисобланади.

Шунингдек, вазирликнинг ёзишича, хорижда Америка фуқароларига қарши уруш жиноятларини содир этганларни жиноий жавобгарликка тортиш учун Америка қонуни биринчи марта қўлланилмоқда.

2022 йил кузида Украина журналистик суриштирув маркази Мкртчян Днепрнинг чап қирғоғини Россия томонидан босиб олинганида тинч аҳолини ўғирлаш ва зўрлашда иштирок этганини ёзган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Олий Радасининг собиқ депутати Илья Киванинг жасади Москва яқинидаги Супонево қишлоғидан топилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Сурен Мкртчян

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг