Украиналик собиқ депутатнинг Москвадан ўлиги чиқди
Олам
−
07 Декабрь 2023
7763Украина Олий Радасининг собиқ депутати Иля Киванинг жасади Москва яқинидаги Супонево қишлоғидан топилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
"У отиб ташланди. Кива каби хоинларни ҳам шу тақдир кутмоқда", деб ёзди Украинанинг "Babel" нашри ўз манбаларига таяниб.
Кива 2022 йилда Украинани тарк этган бўлиб, жорий йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Львовнинг Личакивский суди уни сиртдан 14 йилга озодликдан маҳрум қилганди. "Мухолифат платформаси" партиясидан Олий Раданинг собиқ депутати давлатга хиёнат қилиш, нафрат уйғотиш, ҳокимиятни эгаллашга чақириш ва агрессив уруш, коммунистик тоталитар тузум белгиларидан оммавий фойдаланишда айбланган. Халқаро қидирувга берилган собиқ депутат эса Россиядан бошпана топган эди.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов ҳам Киванинг ўлимини тасдиқлади. Унга кўра, Олий Раданинг собиқ депутати Украина хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган махсус операция давомида йўқотилган.
"Ҳа, биз буни тасдиқлаймиз. Путинга сотилган барча хоинлар бирин-кетин ўлдирилади", дейди Юсов.
Киванинг ўлими ҳақидаги маълумотни РФ Тергов қўмитасининг Москва вилояти бошқармаси ҳам тасдиқлаган. Департамент маълумотларига кўра, Олий Раданинг собиқ депутати ўқдан олган жароҳатлари оқибатида вафот этган. Воқеа юзасидан қотиллик моддаси бўйича жиноий иш ҳам қўзғатилган.
LiveБарчаси