АҚШ Россия яқинида ҳарбий иштирокини кучайтиряпти

Олам

image

АҚШ йилнинг иккинчи ярмида Финляндияда ҳарбий иштирокини кучайтиришни, бу мамлакатда ва Болтиқбўйи минтақасида машғулотларда фаол иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Финляндия Мудофаа кучлари хабар берди.

“Қўшма Штатларнинг Финляндиянинг турли ҳудудларида ва Болтиқбўйи минтақасида ҳарбий иштироки ҳамда машғулотлари мавжуд режалар доирасига киритилган. Бу Финляндия ҳамда Қўшма Штатлар ўртасидаги мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бир қисмидир. Мақсад – жанговар тайёргарликни ошириш, оператив ўзаро мувофиқликни мустаҳкамлаш ва минтақавий хавфсизликка ҳисса қўшиш”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, расмийлар буни хавфсизлик муҳитида ҳамкорлик зарурати билан изоҳлаган. 

“Қўшма Штатларнинг иштироки икки томонлама ҳамкорликнинг чуқурлашиб бораётганидан ва АҚШнинг Финляндия ҳамда Болтиқбўйи минтақасига содиқлигидан далолатдир”, дейилади хабарда. 

Жорий йилнинг июль ойи ўрталаридаёқ АҚШ денгиз пиёдалари Финляндияга етиб борган ва ҳарбий иштирок кучайтирилганди. Улар қирғоқ бригадасида жойлаштирилган бўлиб, мамлакатда тахминан бир ой давомида хизмат қилади. АҚШ аскарлари, шунингдек, “Карилия” бригадасига ҳам етиб борган. Улар Финляндия ҳарбий хизматчиларига АҚШ техникаси билан ишлаш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар ўтказади.

АҚШ ҳарбийларининг иштирокидаги қўшимча тадбирлар йилнинг қолган қисмида бутун Финляндия бўйлаб режалаштирилган.

Маълумот учун, ўтган йили кучга кирган АҚШ–Финляндия ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳақидаги битим АҚШ ҳарбийларининг Финляндияда бўлиши ва машғулотлар ўтказишига рухсат беради. Икки томонлама фаолият ушбу келишув асосида ва ўзаро келишув билан амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Финляндия Болтиқбўйи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг