АҚШ Россия қуроллари туфайли Туркияга қарши санкция киритди
Олам
−
15 Декабрь 2020
7249Америка Қўшма Штатлари Туркия Россиянинг С-400 зенит-ракета тўпламлариyb сотиб олгани учун мамлакатнинг Мудофаа саноати бошқармаси ва унинг раҳбари Исмоил Демирга санкциялар киритди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.
“Огоҳлантиришларимизга қарамай, Туркия Россиядан С-400 тўпламларини сотиб олиш ва синовдан ўтказишда давом этди. Биз Россия мудофаа сектори билан имзоланаётган йирик битимларга тоқат қилолмаймиз”, дейди у.
Санкциялар қаторига Туркия Мудофаа саноати бошқармаси учун лицензия ва экспортга рухсатномалар беришни тақиқлаш, шунингдек, Демир ва бошқа амалдорларнинг АҚШдаги активларини музлатилиши киради.
Помпеонинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар бир неча бор Туркияни С-400 тўпламларининг сотиб олиниши АҚШ ҳарбий кучлари ва техникаси хавфсизлигига путур етказиши, Россия мудофаа секторига катта маблағлар тақдим қилиши ҳамда Россиянинг Туркия қуролли кучлари ҳамда унинг мудофаа саноатига кириб бориши тўғрисида огоҳлантирган.
Помпеонинг қўшимча қилишича, энди Туркия АҚШ билан келишган ҳолда С-400 масаласини зудлик билан ҳал қилиши керак. Унинг баёноти АҚШ Давлат департаменти сайтида эълон қилинган.
Маълумот учун, Туркия Мудофаа саноати бошқармаси ҳарбий техника сотиб олиш бўйича шартномалар тузадиган ҳукумат идорасидир. Қўшма Штатлар Туркия расмийларини CAATSA санкциялари рўйхатига қўшди. Лекин, Вашингтон Туркиянинг Мудофаа вазирлигини АҚШнинг энг қаттиқ блокланган санкциялар рўйхатига, SDN’га киритмаган.
Маълумот учун, Россия ва Туркия С-400 етказиб бериш бўйича 2017 йилда шартнома тузган. ЗРМларнинг дастлабки қисмлари 2019 йил июлда етказиб берилди. Ноябрда Россия муддатидан аввал Туркияга 2,5 млрд долларлик тўртта С-400 дивизионини етказиб берди. Расмий Вашингтон Туркиянинг бу ҳаракатини қоралаб, уни F-35 қирувчи самолётлари етказиб бериш дастуридан чиқариб юборганди.
Жорий йилнинг март ойи бошида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россиядан олинган С-400 ЗРМлар апрелда фойдаланишга топширилини маълум қилганди.