АҚШ Россия армиясини микрочиплар билан таъминлаяпти(ми?) 

Олам

image

Россия ҳарбий арсеналини “ёнилғи” билан таъминлаб турувчи микрочипларнинг катта қисми АҚШдан импорт қилиниши аниқланди. Бу ҳақда “CNBC” нашри хабар берди.

Яримўтказгичлар ва микрочиплар урушда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Хусусан, улар дронлар, радиолар, ракеталар ва зирҳли транспорт воситаларининг асосини ташкил қилади.

Маълумотларга кўра, Россия ҳарбий техникасида аниқланган хорижий компонентларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи штаб-квартираси АҚШда жойлашган компаниялардан, қолганлари эса Украина иттифоқчилари, жумладан, Япония ва Германиядан олиб келинган.

Британиянинг Қироллик бирлашган хизматлар институти томонидан олиб борилган тадқиқотга кўра, Россия армияси ўзининг 27 та энг замонавий ҳарбий тизимида, жумладан, қанотли ракеталар, алоқа тизимлари ва электрон уруш комплексларида 450 дан ортиқ турли хил хорижий компонентлардан фойдаланади. Ушбу қисмларнинг аксарияти АҚШ ҳарбийлари учун микроэлектроника яратадиган таниқли АҚШ компаниялари томонидан ишлаб чиқарилади.

Ваҳолангки, ғарб давлатларида илғор технологияларнинг аксарияти Москвага ва унинг ҳарбийларига қарши кенг кўламли савдо тақиқлари билан ишлаб чиқарилади. Озиқ-овқат ва дори-дармонлардан ташқари, АҚШда ишлаб чиқарилган барча маҳсулотлар Россия армиясига етиб бориши ман қилинган.

Шу йил июнь ойида эса Европа Иттифоқи ҳам санкцияларнинг янги пакетини эълон қилди. Унга кўра, Россия учун воситачи бўлган айрим учинчи давлатларга санкцияланган товарлар ва технологияларни сотиш, етказиб бериш ёки экспорт қилишда чекловлар қўйилди. 

Пакет шунингдек, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари ва Арманистондаги 87 янги компанияни “Россия армиясини бевосита қўллаб-қувватловчилар” рўйхатига қўшди. Шунингдек, Иттифоқ Украинадаги Россия ҳарбий техникасидан топилган 15 та технологияни экспорт қилишни чеклади.

Барча санкцияларга қарамай, биргина 2022 йилнинг ўзида Россия умумий ҳисобда 2,5 миллиард долларлик яримўтказгич технологияларини импорт қилган. Бу 2021 йилдаги 1,8 миллиард доллар қийматдан сезиларли даражада кўп.

“Россия ҳали ҳам ўз армияси учун Ғарб томонидан ишлаб чиқарилган барча зарур муҳим компонентларни импорт қилади. Санкциялардан қочиш ҳозирда ҳайратланарли даражада бемаъни”, деди Петерсон халқаро иқтисодиёт институти катта илмий ходими Элина Рибакова.

Билдирилишича, айни пайтда, Украинанинг Ғарб иттифоқчиларидан ташқари кўплаб давлатлар Россия билан савдо қилишда давом этмоқда.

“Микроэлектрониканинг чегараларни кесиб ўтишини ва глобал савдода иштирок этишини тўхтатиш қийин. Бундан Россия саноати, шунингдек, Россия армияси ва унинг разведка хизматлари фойдаланмоқда”, деди Денгиз таҳлиллари маркази маслаҳатчиси Сем Бендет.

Эслатиб ўтамиз, Хитой фирмалари, жумладан, ҳукуматга алоқадор бўлган компаниялар Россия субъектларига 1000 та автомат ва ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган бошқа жиҳозлар, хусусан, дрон қисмлари ва тана зирҳларини юборгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия армия технология микрочип ғарб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг