АҚШ Путинни APEC саммитига таклиф қилмайди – WP
Олам
−
28 Июль 2023
6335АҚШ расмийлари Россия Президенти Владимир Путинни жорий йилнинг ноябрь ойида Калифорниянинг Сан-Франциско шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитига таклиф қилмоқчи эмас. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни АҚШ расмийларига таяниб, “The Washington Post” нашри хабар берди.
Айтилишича, 2022 йилда санкцияга учраган ва умуман АҚШга кириши тақиқланган Путинга Вашингтон рухсат бермаса, у APEC саммитига қатнаша олмайди.
Бундан ташқари, Оқ уй Гонконг маъмурияти раҳбари Жон Лини ҳам саммитда иштирок этишга рухсат бермасликка қарор қилган. Вашингтон у ва бошқа баъзи Хитой расмийларига нисбатан санкциялар жорий этган.
“Биз APEC мамлакатлари барча делегацияларининг АҚШ қонунлари ва қоидаларига мувофиқ иштирок этишига ишонамиз”, деган Оқ уй расмийси.
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси вакили эса АҚШ расмийларининг бундай ёндашуви APEC нормаларини ва АҚШ ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бузишини айтган.
Маълумот учун, APEC саммити шу йилнинг 15-17 ноябрь кунлари Сан-Францискода бўлиб ўтади. Форумда 19 та давлат ва 2 та ҳудуд вакиллари қатнашади. APEC’га Австралия, Бруней, Индонезия, Канада, Малайзия, Янги Зеландия, Сингапур, АҚШ, Таиланд, Филиппин, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Мексика, Папуа-Янги Гвинея, Чили, Россия, Вьетнам ва Перу, шунингдек, 1991 йилдан Гонконг ва Тайвань киради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ жорий йилнинг 22-24 август кунлари Жанубий Африканинг Йоханнесбург шаҳрида бўлиб ўтадиган BRICS саммитида ҳам Путин шахсан иштирок этмаслиги, унинг ўрнига Ташқи ишлар вазири Сергей Лаврони Россия делегациясига бошчилик қилиши маълум бўлганди. Президент Путин эса саммитда видеоалоқа орқали қатнашга қарор қилганди.
LiveБарчаси