АҚШ ортидан Япония ҳам Марказий Осиё давлатларига яқинлашмоқчи
Олам
−
21 Сентябрь 2023
5195Япония ва Қозоғистон келаси йили Марказий Осиё – Япония форматида саммит ўтказиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлиги вазир Ёко Камикава ва Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеунинг БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги учрашуви якунлари бўйича маълум қилди.
“Иккала томон ҳам “Марказий Осиё-Япония” мулоқоти саммитини келаси йилнинг ўз вақтида ўтказиш мантиқан тўғри келишига келишиб олдилар ва ушбу мулоқот [формати]нинг амалдаги раиси Қозоғистон ва Япония бошқа тегишли давлатлар билан мувофиқлаштириш учун ҳамкорлик қилишини тасдиқладилар”, дейилади вазирлик баёнотида.
Бундан ташқари, Камикава “минтақавий алоқалар ва энергия алмашинуви”ни ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш ниятини билдирди ва Қозоғистонни “қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ дунё тартиби”ни сақлаш ва мустаҳкамлашда “стратегик ҳамкор” деб атади.
Томонлар Украина ва Шарқий Осиё, жумладан, Шимолий Корея атрофидаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Камикава Япониянинг шикастланган “Фукусима-1” АЭСдан сувни океанга чиқариш бўйича позициясини тушунтирди, шу муносабат билан Нуртлеу Япониянинг ҳаракатларини тушунишини тасдиқлади.
Япония охирги пайтларда Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. 2022 йил декабрь ойи бошида Токиода минтақа давлатларининг ҳокимият ва бизнес вакиллари иштирокида Марказий Осиё инвестиция форуми (Central Asia Investment Forum 2022) бўлиб ўтди.
Япония нашрлари Япония Бош вазири Фумио Кисида Вазирлар Маҳкамасига келаси йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан саммитлар форматини йўлга қўйиш устида ишлашни топширмоқчилиги ҳақида хабар берди. Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича иш олиб бораётган ҳукмрон Либерал-демократик партияси депутатлар гуруҳи раҳбари, собиқ Бош вазир Таро Асо Кисидага таклифларини, жумладан, бундай саммитларни мунтазам ўтказишни таклиф қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь