АҚШ OpenAI’га қарши иш очди
Олам
−
13 Июнь 917 2 дақиқа
АҚШнинг бир нечта штатлари OpenAI компанияси фаолияти юзасидан тергов бошлади ва шу доирада стартапга расмий маълумот сўров хати юборди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Маълумотларга кўра, сўров ChatGPT сунъий интеллект тизими фойдаланувчилари ҳақидаги маълумотларга, айниқса болалар ва ёши катта интернет фойдаланувчиларига тааллуқли.
Хабар қилинишича, ушбу сўров Нью-Йорк штати бош прокурори Летиция Жеймс томонидан бир нечта штатлар коалицияси номидан юборилган. Нью-Йорк прокуратураси ҳозирча бу масала бўйича изоҳ бермаган.
OpenAI эса штат прокурорлари билдирган хавотирларни жиддий қабул қилаётганини ва улар билан конструктив мулоқот олиб боришга тайёрлигини маълум қилган.
Шунингдек, компания вояга етмаган фойдаланувчилар ҳамда руҳий ҳолати заиф бўлган инсонларни ҳимоя қилиш бўйича хавфсизлик чораларини кучайтирганини билдирган.
“Сунъий интеллект янги ва кучли технология ҳисобланади. Биз унинг имкониятларидан масъулиятли тарзда фойдаланишни таъминлаш устида ҳар куни ишлаяпмиз”, деган компания вакили.
Шунингдек, Флорида штатида OpenAI билан боғлиқ бошқа тергов ҳам олиб борилмоқда. Бу иш ChatGPT’нинг оммавий отишма билан боғлиқ ҳолатдаги роли юзасидан очилган.
Бундан ташқари, Канада фуқароси ҳам OpenAI’га қарши даъво қўзғатиб, ChatGPT унинг қизини ўз жонига қасд қилишга ундаганини иддао қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Калифорния федерал суди Илон Маскнинг OpenAI’га қарши даъвосини кеч топширилгани сабабли рад этган эди. Маск компаниянинг нотижорат мақомидан чекиниб, даромадли тузилмага айланганини танқид қилган, бироқ суд бу даъвони қаноатлантирмагани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси