АҚШ нефть нархининг юқори чегарасини бузгани учун учта танкерга санкциялар киритди
Олам
−
02 Декабрь 2023
5308Қўшма Штатлар Бирлашган Араб Амирликларининг икки ва Либериянинг битта компаниясига ҳамда уларнинг танкерларига нарх чегарасидан юқори сотилган Россия нефтини ташиганлик учун санкциялар киритди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) сайтида маълум қилинди.
БААнинг Sterling Shipping Incorporated ва Streymoy Shipping Limited ва Либериянинг HS Atlantica Limited компаниялари жаримага тортилди.
“NS Champion, Victor Bakaev ва HS Atlantica танкерлари бир баррель учун 70 доллардан юқори нархда сотилаётган Россия нефтини ташиётган эди, бу жорий қилинган нарх чегарасини бузиш эди”, дейилади АҚШ Молия вазирлиги баёнотида.
Ушбу ташкилотларнинг АҚШдаги барча активлари музлатилади ва АҚШ фуқаролари ёки компанияларига улар билан бизнес қилиш тақиқланади.
“Россия нефти нархининг чегараланганлигини таъминлаш Қўшма Штатлар ва коалиция бўйича ҳамкорларимиз учун устувор вазифадир. Ушбу компаниялар ва уларнинг кемаларини нишонга олиш орқали биз нархларни чеклашнинг икки томонлама мақсадини қўллаб-қувватлаймиз: Россиянинг нефть даромадларини чеклаш ва жаҳон энергетика бозорлари барқарорлигини таъминлаш”, дейди АҚШ Молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо.
Маълумот учун, G7 давлатлари, Европа Иттифоқи ва Австралия ўтган йили Россия нефтининг баррелига 60 доллардан юқори нархни жорий қилган эди.
Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли киритилган чекловлар компанияларга ушбу нархдан юқори сотилган рус нефтини ташиш ва суғурталашни тақиқлайди. Ноябрь ойида “Reuters” агентлиги таъкидлаганидек, бу йил жаҳонда нефть нархининг кўтарилиши Россия нефтининг аксарияти санкцияларга қарамай, чегарадан ошиб кетаётганини англатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Россиянинг 11 ташкилотига, шунингдек, мамлакатдан нефть ташиш билан боғлиқ учта нефть танкерига қарши санкциялар киритганди.
LiveБарчаси