АҚШ НАТОдан чиқмоқчими? Сўз Давлат котибига
Олам
−
04 Апрель 5980 2 дақиқа
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио НАТО аъзолари орасида АҚШнинг альянсдан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқувни йўқотишга ҳаракат қилди. Бу ҳақда у кеча, 3 апрель куни Брюсселда НАТО Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бошланишидан олдин сўз очди.
“АҚШ Президенти Дональд Трамп НАТОни қўллаб-қувватлашини очиқ айтди. Биз НАТО таркибида қоламиз”, деди Рубио.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат котиби альянс мамлакатлари ҳарбий харажатларни сезиларли даражада ошириши ва ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) камида беш фоизини мудофаа соҳасига ажратиши зарурлигини таъкидлади.
“Биз ушбу йиғилишни тўғри ва реал йўналишда кетаётганимизга ишонч билан тарк этмоқчимиз, ҳар бир давлат мудофаа харажатларини беш фоизга етказиш мажбуриятини олади ва ваъда қилади”, деди Рубио.
Унинг аниқлик киритишича, бу талаб АҚШга ҳам тегишли, у ҳам ўз улушини ошириши керак.
“Ҳеч ким бу бир-икки йил ичида содир бўлишини кутмайди. Лекин йўл реал бўлиши керак. АҚШ НАТОдаги ролини заифлаштириш ниятида эмас. АҚШ ҳозир НАТОда ҳар қачонгидан ҳам фаолроқ”, дея қўшимча қилди АҚШ Давлат департаменти раҳбари.
У халқаро ва баъзи Америка оммавий ахборот воситаларида АҚШнинг иттифоқдаги роли заифлашиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни “истерия ва муболаға” деб атади.
“Аммо биз НАТО кучайишини истаймиз. Бунга эришишнинг ягона йўли – шерикларимизнинг имкониятларини ошириш”, деб тушунтирди Рубио.
Сўнгги ойларда Дональд Трамп бир неча бор Қўшма Штатларнинг НАТО доирасидаги жамоавий мудофаа мажбуриятларини шубҳа остига қўйган ва иттифоқчилардан ҳарбий бюджетларини ЯИМнинг беш фоизигача оширишни талаб қилган. Бу баёнотлар НАТОнинг Брюсселдаги дипломатларида хавотир уйғотди, улар Қўшма Штатлар иттифоқдаги ролини қисман қисқартириши мумкинлигидан қўрқади.
Брюсселдаги икки кунлик учрашув арафасида НАТО бош котиби Марк Рютте альянс келажагига ишонч билдирди.
“Ишончим комилки, АҚШ билан бу иттифоқ давом этади”, деди у 2 апрель куни.
НАТОнинг қатор давлатлари, жумладан, Германия аллақачон ҳарбий бюджетларини сезиларли даражада оширишини маълум қилган. Мудофаа харажатлари масаласи НАТОнинг июнь ойида Гаагада бўлиб ўтадиган саммитида асосий мавзу бўлиши кутилмоқда.
Live
Барчаси