АҚШ муҳожирлар учун эшикларини ёпмоқда

Олам

image

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) бўлими иммигрантларга мамлакатда вақтинча яшаш имконини берувчи бир қатор дастурларни тўхтатиш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда USCIS мулозими томонидан электрон почта орқали юборилган фармойишга таяниб, “The New York Times” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, фармойиш дастурлар бўйича “сўнгги қарорлар”ни зудлик билан қабул қилишни талаб қилади. Шу билан бирга, маъмурият уларни кўриб чиқиб, бекор қилиш бўйича қарор қабул қилмоқда. Нашрга кўра, ҳужжатда тилга олинган дастурлар ҳажми жуда катта.

Бу қарор, хусусан, молиявий ҳомийлари бор украиналикларга вақтинчалик мақомда АҚШга кириш имконини берган асосий ташаббус – “Украина учун бирлашув” (Uniting for Ukraine) дастурига тегишли. Ҳукумат маълумотларига кўра, 2023 йил сентябрига қадар ушбу дастур орқали АҚШга 150 мингдан ортиқ украиналиклар кирган.

Шунингдек, Вашингтон Венесуэла, Гаити, Никарагуа ва Кубадан келган 500 мингдан ортиқ муҳожирларга ҳомийлар билан АҚШга вақтинча кириш имконини берган дастурини тўхтатмоқда. Бундан ташқари, фармойиш АҚШда оилалар бирлашишини таъминлашга қаратилган ва Марказий Америкадан бўлган, АҚШда қариндошлари бор вояга етмаганлар учун мўлжалланган дастурлар бўйича аризалар қабул қилишни ҳам тўхтатади.

Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Европада қочқинлар масалалари бўйича халқаро бюро директори Яэль Шахер вақтинча кириш дастурларини тўхтатишни чегарада бошпана беришни ва қочқинларга ёрдам дастурини тўхтатишга тенг, деб атади.

“Бу маъмуриятнинг ҳар қандай гуманитар иммиграцияга нисбатан душманона муносабатидан дарак беради”, дейди у.

Маълумот учун, АҚШ Президенти Дональд Трамп қаттиққўл антимиграция сиёсати билан танилган ва сайловларда ғалаба қозонишидан олдин ҳам жиноятчиларни чиқариб юбориш учун Америка тарихидаги энг йирик депортация дастурини бошлашга ваъда берган эди. У президентликнинг биринчи кунида АҚШда бошпана сўровчилар учун чегарани кесиб ўтишга имкон берган CBP One иловасини ёпишни буюрди. 23 январь куни Трамп ноқонуний муҳожирларга АҚШ-Мексика чегарасидан ўтишни тақиқлаб, давлат идораларига бундай йўл билан мамлакатга кирганларни депортация қилиш ваколатини берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўшма Штатларда 538 нафар ноқонуний муҳожир қўлга олиниб, 373 кишини ҳибсга олишга ордер берилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ муҳожир Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг