АҚШ миллионларнинг “ёстиғини қуритган” коронавирус учун Хитойни жаримага тортмоқчи

Олам

image

АҚШнинг Миссури шарқий округи суди Хитой ҳукуматини коронавируснинг тарқалиши ҳақида маълумотларни яширгани учун жавобгар деб топди ва Хитойдан 24 млрд доллардан ортиқ миқдорда тўловни ундиришга қарор қилди. Бу ҳақда “The New York Times ” хабар берди.

Қайд этилишича, даъво 2020 йилнинг апрель ойида Миссури штатининг бош прокурори томонидан киритилган. Штат ҳокимияти Хитой COVID-19 мавжудлиги ва тарқалиши ҳақида маълумотларни яширганини, шунингдек, дунёга ҳимоя воситаларини етказиб беришни тўхтатганини таъкидламоқда.

Шунингдек, судья ўз қарорида Хитой “пандемиянинг хавфлари ва миқёси ҳақида дунёни алдаган” ва “ҳимоя воситаларини тўплаб, монополистик ҳаракатлар билан шуғулланган” деб ёзган. У ушбу ҳаракат пандемияга жавоб беришга ва тиббиёт ходимлари учун етарли жиҳозларни сотиб олишга тўсқинлик қилганини таъкидлаган.

Миссури расмийлари жаримани Хитой активлари орқали ундиришга ваъда берган. Хитой томони суднинг қарорига розилик билдирмаган.

Маълумот учун, 2019 йил декабрда Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) Уханда пневмония эпидемияси ҳақида маълумот берган. 2020 йилнинг март ойида ЖССТнинг вакили COVID-19 пандемиясини эълон қилди, чунки вирус тез тарқалган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус туфайли дунё бўйича 7 млндан ортиқ киши вафот этган. 2025 йилнинг январида эса Марказий разведка бошқармаси вируснинг лаборатория орқали келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботни эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда кўршапалакларда COVID-19ʼга ўхшаш янги коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Вирус HKU5 коронавирусининг янги авлоди бўлиб, Гонконгда кўршапалаклар тури бўлган япон пипистреллесида аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитой коронавирус COVID-19

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг