АҚШ космосдаги жангларга тайёргарлик кўрмоқчи

Олам

image

Америка ҳарбийлари нафақат Ер орбитасида, балки Ой атрофида ҳам ҳарбий ҳаракатлар олиб боришга тайёрланиши керак. Бу ҳақда кеча, 16 сентябрь куни Air, Space and Cyber конференциясида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг бош ҳарбий маслаҳатчиси, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Дэн Кейн маълум қилди.  

Унинг сўзларига кўра, мамлакат қуролли кучлари “денгиз тубидан тортиб Ой атрофидаги фазогача” бўлган сўнгги нуқталарда “жанг қилишга, бардош беришга ва ғалаба қозонишга” тайёр бўлиши лозим.

АҚШ Космик кучлари қўмондони генерал-лейтенант Грегори Ганьон инсоният “космосга янада чуқурроқ кириб бораётганини” ва америкалик ҳарбийларнинг вазифаси “АҚШ манфаатларини ҳимоя қилиш” эканини алоҳида таъкидлаган. 

“ХХР каби бизнинг эҳтимолий рақибларимиз космоснинг баъзи қисмларида фаол фаолият олиб бормоқда”, дейди Ганьон. 

У, шунингдек, кейинги беш йил ичида Космик кучлар шахсий таркиби 25 минг ҳарбий хизматчигача оширилиши мумкинлигини қўшимча қилган. Америкалик ҳарбийларнинг ушбу баёнотлари АҚШ томонидан фазога космик қурол чиқарилгани тасдиқланганидан бир неча кун ўтиб янгради.

Маълумот учун, Космик кучлар – АҚШ армиясидаги янги қўшин тури ҳисобланади. Улар 2019 йилда Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида ташкил этилган. Хитой эса космосдаги инқирозли вазиятларга жавоб қайтариш учун 2024 йилда ўз ҳарбий космик бўлинмаларини тузган. Америка қуролининг космосга чиқарилишига жавобан ХХР Ташқи ишлар вазирлиги Пекин “космик фазода қурол жойлаштириш, милитаризация ва қуролланиш пойгасига қарши” эканини маълум қилди.

“Associated Press”нинг қайд этишича, америкалик ҳарбийларнинг космосда ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўриш ҳақидаги баёнотлари фазодан фойдаланиш бўйича халқаро конвенциялар ва келишувларга зид. Хусусан, АҚШ ва Хитой томонидан 1967 йилда имзоланган Космос тўғрисидаги шартнома Ой ва бошқа самовий жисмлардан “фақат тинчлик мақсадларида” фойдаланишни тўғридан тўғри назарда тутади. Ҳужжат, шунингдек, космосда ядровий ва оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни тақиқлайди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ космик ҳудудни назорат қилиш учун Ер орбитасига қурол жойлаштирганини илк бор расман эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг