АҚШ Халқаро жиноий суд устидан санкциялар ёғдирмоқчи
Олам
−
24 Сентябрь 2572 2 дақиқа
АҚШ ҳукумати Халқаро жиноий суд (ХЖС)ни тўлиқ нишонга олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, қарор яқин кунларда қабул қилиниши мумкин. Аввалроқ Вашингтон айрим судьялар ва прокурорларга қарши чекловлар жорий қилган эди, янги чора эса кескин эскалация бўлиши таъкидланмоқда.
Давлат департаменти қўшимча қадамлар тайёрланаётганини тасдиқлаган, аммо тафсилотларни ошкор этмаган.
АҚШ маъмурияти 2002 йилда ташкил этилган ушбу судни узоқ йиллардан бери танқид қилиб келади. Давлат котиби Марко Рубио уни “миллий хавфсизликка таҳдид” ва “АҚШ ҳамда унинг иттифоқчиси бўлган Исроилга қарши юридик уруш қуроли” деб атаган.
Халқаро жиноий суд илгари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, собиқ мудофаа вазири Йоав Галант ҳамда ҲАМАС ҳаракатининг бир қатор раҳбарлари ҳақида ҳибсга олиш ордерлари чиқарган эди.
Манбаларга кўра, агар АҚШ бутун судга қарши санкциялар жорий этса, бу унинг фаолиятига жиддий зарба бўлиши мумкин. Ходимларга маош тўлаш, банк ҳисобларидан фойдаланиш ва дастурий таъминотга кириш имкониятининг издан чиқиш эҳтимоли юқори.
Уч нафар инсайдернинг билдиришича, суд ходимларига аллақачон 2025 йилнинг қолган даври учун олдиндан маош берилган. Шунингдек, раҳбарият муқобил банк ва дастурий хизмат кўрсатувчи манбаларни қидиряпти. Махсус йиғилишларда АҚШ чораларининг оқибатлари муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган ХЖС АҚШ томонидан ўз судьяларига нисбатан жорий этилган санкцияларни танқид қилиб чиққанди ва бу ҳолат суднинг мустақиллигига таҳдид эканини таъкидлаганди.
Live
Барчаси