АҚШ Қозоғистон билан 4 млрд долларлик битим тузди
Олам
−
23 Сентябрь 2025 3834 2 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари ва Қозоғистон ўртасида мамлакат тарихидаги локомотивлар бўйича энг йирик шартнома имзоланди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, битим қиймати қарийб 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, у Америка компанияси Wabtec билан тузилган. Келишув доирасида Остона шаҳрида жойлашган Wabtec заводида 300 та замонавий юк локомотиви ишлаб чиқарилади ҳамда уларнинг сервис хизмати таъминланади.
Wabtec заводи Қозоғистон пойтахтида 2009 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Корхонага 230 миллион доллар инвестиция киритилган бўлиб, шу вақтгача ички бозор ва экспорт учун 600 дан ортиқ локомотив ишлаб чиқарилган. Маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизга етгани таъкидланмоқда. Ўтган йили компания Қозоғистонда янги технологик ва муҳандислик марказини ишга туширди.
Мазкур келишув АҚШ ва Қозоғистон Президентлари – Дональд Трамп ҳамда Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасидаги мулоқотдан сўнг эълон қилинган. Тўқаев айни пайтда Нью-Йоркда ташриф билан бўлиб турибди ва бир қатор йирик Америка компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
АҚШ томони бу шартномани саноатнинг муҳим тармоқларидан бири учун кучли қўллаб-қувватлаш деб баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Нью-Йоркда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашганди. Мулоқот чоғида икки давлат раҳбарлари иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Владимир Зеленский Украина ҳудудидаги вазият юзасидан ўз қарашларини баён қилган.
Live
Барчаси