АҚШ Исроилга ўз ҳарбийларини юборади

Олам

image

АҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун Яқин Шарққа 200 нафар ҳарбий жойлаштиради. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

Маълум қилинишича, АҚШ Исроил ва ҲАМАС ўртасида эришилган ўт очишни тўхтатиш ҳамда гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишув ижросини назорат қилиш мақсадида махсус мувофиқлаштириш марказини очади. 

“Мувофиқлаштириш марказида транспорт, режалаштириш, хавфсизлик, логистика ва муҳандислик соҳаларида тажрибага эга қарийб 200 нафар ҳарбий хизматчи фаолият юритади”, дейилади хабарда. 

Маълумотларга кўра, америкалик ҳарбийлар бевосита Ғазо секторига кирмайди. Марказ ходимлари ўт очишни тўхтатиш келишуви ижросини назорат қилиш ҳамда Ғазода фуқаровий бошқарув тизимига ўтиш жараёнига ёрдам беради.

Нашр маълумотига кўра, ушбу ҳарбийлар АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги таркибидан ҳамда бошқа бўлинмалардан юборилади. Улар аллақачон минтақага етиб келишни бошлаб, марказни шакллантириш устида иш олиб бормоқда.

Таъкидланишича, миссия таркибига АҚШнинг ҳамкор мамлакатлари ҳарбийлари ҳамда хусусий ташкилотлар вакиллари киради. Унда Миср, Қатар, Туркия ва БАА (Бирлашган Араб Амирликлари) ҳарбийлари ҳам қатнашиши мумкин.

Қайд этиш жоиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС ўртасида тинчлик режасининг биринчи босқичи бўйича келишув имзоланганини эълон қилган эди. Ушбу босқич гаровга олинганларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини келишилган чизиққача олиб чиқишни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Европа Иттифоқи Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ Президенти Дональд Трампнинг режаси амалга оширилиши учун барча чораларни кўришини айтганди. Калласнинг билдиришича, Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасининг биринчи босқичи бўйича келишув “муҳим ютуқ”ни ифодалайди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг