АҚШ ICE ходимларига суд қарорисиз уйларга киришга рухсат берди

Олам

image

АҚШнинг Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) депортация қилиниши лозим бўлган шахсларнинг уйларига суд қарорисиз киришга ўз ходимларига рухсат берди. Бу ҳақда NBC News хабар берди. 

Унга кўра, бу рухсат ҳақида 2025 йилнинг май ойида тузилган ва ICE вақтинча директори Тодд Лёнс томонидан имзоланган хизмат ёзувида айтилган. Мазкур ҳужжат икки нафар маълумот манбаси томонидан демократ сенатор Ричард Блументалга тақдим этилган.

Хизмат ёзувида айтилишича, агар судья шахсни депортация қилиш бўйича “якуний қарор” чиқарган бўлса, ICE агентларига маъмурий ордер асосида уйга мажбуран киришга рухсат берилади. Маъмурий ордерлар ходим ва агентларга ҳибсга олиш ҳуқуқини беради, бироқ улар судьялар томонидан имзоланадиган ва уйга киришга рухсат берувчи суд ордерларидан фарқ қилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, ICE агентлари уйга киришдан олдин эшикни тақиллатиши, ўзини таништириши ва ичкаридаги одамларга буйруқни бажариш учун вақт бериши керак. Шунингдек, уйга тунда кирмаслик (буни эрталаб соат 6:00 дан кечки 22:00 гача амалга ошириш) ва бино ичига киришда фақат зарур ва оқилона куч ишлатиш тавсия этилади.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги матбуот котиби Триша Маклафлиннинг айтишича, мамлакатда ноқонуний яшаётган ва маъмурий ордерлар ёки I-205 ордерларини (чиқариб юбориш ёки депортация тўғрисидаги ордерлар) олган муҳожирлар барча зарур процедуралардан ўтган ва иммиграция судьясидан чиқариб юбориш бўйича якуний қарорни олган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати ходимлари Миннеаполисда (Миннесота штати) федерал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ноқонуний муҳожирларга қарши кураш кампанияси доирасида бошланган энг йирик операцияси чоғида 3 минг мигрантни қўлга олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ ICE ходимлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг