АҚШ гипертовушли ракетасининг янги синовларини ўтказди

Олам

image

Америка ҳарбийлари узоқ масофага учувчи Dark Eagle гипертовушли ракетасининг навбатдаги синовларини ўтказди. Бу ҳақда “Space Coast Daily” газетаси хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, синовлар кеча, 26 март куни бўлиб ўтган. Ракета Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган АҚШ Космик кучлари базасидан учирилган.

Қайд этилишича, армия узоқ масофали гипертовушли қуролга (Long-Range Hypersonic Weapon, LRHW) расман Dark Eagle номини атиги бир неча кун олдин берган.

Маълумот учун, Dark Eagle Lockheed Martin корпорацияси томонидан ишлаб чиқилган. Унинг ёрдамида оммавий зарбалар бериш, шунингдек, мустаҳкамланган мудофаа чизиқларини ёриб ўтиш мумкин. Ракета соатига 6 минг километрдан юқори тезликда 3 минг километргача бўлган масофани босиб ўтишга қодир.

Америка ҳарбийлари гипертовушли ракетани илк бор 2024 йил декабрида синовдан ўтказган. Пентагон ўшанда синовлар муваффақиятли ўтганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги ўқ-дорилар арсенали учун ўта муҳим компонентлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича бир нечта ҳарбий-саноат корпорациялари билан келишув имзолагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

гипертовушли ракета Lockheed Martin Dark Eagle

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг